Депутат аҳоли муаммоларини жойида ўрганди
Халқ билан мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва уларнинг ечимига кўмаклашиш бугунги кунда давлат органлари ҳамда халқ вакиллари олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Ана шу мақсадда “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимова Сирдарё вилоятининг Ховос ва Боёвут туманларида бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди. Учрашувларда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева ҳам иштирок этди.

Мулоқотлар давомида фуқароларнинг тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бошқа ҳаётий масалаларга оид мурожаатлари тингланди. Кўтарилган муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ховос туманининг Янгиер маҳалласида пиллакорлар билан ўтказилган учрашувда соҳани янада ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди. Суҳбат давомида пиллачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳадаги муаммоларни ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.


Боёвут туманида эса “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасида тадбиркор хотин-қизлар билан учрашувлар ташкил этилди. Тикувчилик, совун ишлаб чиқариш, паррандачилик, чорвачилик ва нонвойчилик йўналишларида фаолият юритаётган аёлларнинг иш тажрибаси ўрганилиб, уларнинг фаолиятини янада кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида Боёвут туманининг “Бекат” маҳалласида фаолият юритаётган ёш ҳунарманд Жамшид Яхшибоевнинг меҳнат фаолияти билан танишилди. Темирчилик йўналишида креатив маҳсулотлар ишлаб чиқараётган ёш тадбиркорнинг ташаббуслари юқори баҳоланиб, унинг фаолиятини янада ривожлантириш ва кенгайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири