Деновликлар уюшқоқлик билан овоз бермоқда
Сурхондарё вилоятида ҳам овоз бериш байрамона кайфиятда бошланди. Ҳудудда мавжуд 860 та референдум участкаси эрталабки соат 8:00 да давлат мадҳияси ижроси билан очилди.
Денов туманидаги 618–референдум ўтказувчи участкада Бобур номли маҳалла фуқаролари ўз хохиш-иродасини ифода этмоқда. Маҳаллада 5 минг 676 нафар фуқаро истиқомат қилади. Уларнинг 2 минг 270 нафари овоз берувчилар руйхатига киритилган. 106 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз берди.

Денов тумани ҳокими Илҳом Абраров ҳам мазкур участкага ота-онаси ва оила аъзолари билан келиб, бахтли келажак ва обод турмуш учун овоз берди.
Тумандаги 701-рефрендум участкаси Пахтакураш маҳалласида жойлашган. Референдумда маҳалладаги 2 минг 425 фуқаронинг овоз бериши кутилмоқда. Уларнинг 65 нафари илк марта овоз бераётган йигит-қизлардир.

Бугун 18 ёшга тўлган Манзура Рўзиқулова ҳам ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда биринчилардан бўлиб овоз берди.
Участка комиссияси аъзолари Манзурани туғилган куни ва илк марта овоз бергани билан табриклаб, эсдалик совғаларини топширди.
Вилоятда овоз бериш қизғин давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири