Давр билан ҳамқадам фермер
Жиззах туманидаги “Қўрғонтепа” фермер хўжалиги раҳбари Абдунаби Абдураҳмонов соҳадаги қирқ икки йиллик меҳнат фаолиятининг кейинги ўн етти йилида фермерлик қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида эл-юрт фаровонлигига ҳисса қўшиб келмоқда.
Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида қишлоқ хўжалигида эришилган ютуқлар, қўлга киритилган улкан марралар, аввало, фермерларимиз, қишлоқ хўжалиги мутахассислари ва қишлоқ тараққиёти билан боғлиқ тармоқларда меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати, билим ва тажрибасининг самараси экани алоҳида таъкидланди.Жиззах туманидаги “Қўрғонтепа” фермер хўжалиги раҳбари Абдунаби Абдураҳмонов соҳадаги қирқ икки йиллик меҳнат фаолиятининг кейинги ўн етти йилида фермерлик қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида эл-юрт фаровонлигига ҳисса қўшиб келмоқда.
Хўжаликнинг 55 гектардан зиёд ер майдонида ҳар йили мўл пахта ва ғалла ҳосили етиштирилаётир. Барча агротехник тадбирларнинг ўз вақтида сифатли амалга оширилиши муваффақиятлар омили бўлмоқда. Айни кунларда хўжалик далаларида яхоб бериш, далага маҳаллий ўғит чиқариш ишлари давом эттирилмоқда.
Ўтган йили 30 гектар майдондаги ғалланинг ҳар гектаридан 65 центнердан ошириб ҳосил олинди. Шартнома ортиғи билан бажарилиб, хўжалик ишчиларининг эҳтиёжи учун 83 тонна дон қолдирилди. 25 гектардан зиёд пахта майдонидан 100 тоннадан зиёд ҳосил олинди. Кейинги уч йилда хўжаликнинг ялпи даромади 571 миллион сўмни, соф фойдаси эса 110 миллион сўмни ташкил этди. Юқори сифатли маҳсулот етиштириш, таннархини пасайтириш, ёқилғи-мойлаш ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича ҳисоб-китоб ишлари қатъий йўлга қўйилгани хўжаликнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 4 чопиқ ва ҳайдов трактори, 4 тиркама, 2 культиватор, “ОВХ-28” пуркагич, сеялка, ер текислагич ҳамда минерал ўғит сепиш мосламаси иш унумдорлигини таъминлаётир.
Фермер топаётган даромадидан шифохона, мактаб ва бошқа ижтимоий объектларга ҳомийлик кўрсатмоқда. Кейинги уч йилда ушбу мақсадларга 28 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Абдунаби ака ернинг тилини биладиган деҳқон. Фермерликни бошлагач, биринчи навбатда, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга киришди. Хўжалик ҳисобидаги ерларнинг асосий қисми узоқ йиллар фақат режа орқасидан қувиш, алмашлаб экиш ва бошқа агротехник талабларга риоя қилмаслик оқибатида унумдорлиги пасайиб кетган майдонлар эди. Дренажлар лойқага тўлиб, зах кўтарилган, ерлар шўрланган. Бу ерларни соғломлаштириш учун қанча куч, қанча маблағ сарфлашга тўғри келди.
Мелиоратив тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши натижасида ер балл бонитети 45 дан 60 га кўтарилди ва ҳосилдорлик пахтачиликда 28 дан 42 центнерга, ғалла етиштириш эса 54 дан 65 центнерга етказилди.
– Президентимиз раҳнамолигида фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда, – дейди фермер. – Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 29 октябрда қабул қилинган “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга оширилган ишлар нафақат ерларнинг шўрини, балки, менга ўхшаган минглаб фермерларнинг кўнглидаги доғни ҳам ювди. Банк кредити дейсизми, техника ёки ёнилғи ва ўғит дейсизми, барчасини ҳеч бир муаммосиз олиб турибмиз. Деҳқонни, фермерни бундан ортиқ яна қандай қўллаб-қувватлаш мумкин? Бугунги эришаётган ютуқларимиз замирида ана шу омиллар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни пайтда кўптармоқли фермер хўжалигида 59 бош қорамол, 102 бош қўй-эчки ҳамда 300 бош парранда боқилмоқда. Хўжаликда гўшт ва сутни қайта ишлаш корхонаси, иссиқхона фаолият юритмоқда. “Тоқчилик” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида қурилган тантаналар мажмуаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари хизматидан аҳоли мамнун. Энг муҳими, бу ерда 30 дан зиёд киши доимий иш билан таъминланган.
А.Абдураҳмонов туман фермерлар кенгашининг раиси сифатида қишлоқ мулкдорларининг фаолиятини янада яхшилаш, уларни ҳудудни ободонлаштириш ва бошқа эзгу ишларга руҳлантиришдаги жонбозлиги, бунда аввало ўзи кўпчиликка намуна бўлаётгани боис 2014 йилда Президентимиз фармонига мувофиқ, Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Давлатимизнинг бундай эътибори, элнинг ҳурмати фермерни янада самарали меҳнат қилишга, янги марралар сари интилишга ундамоқда.