Давлат-хусусий шерикчилиги депутатлар назоратида
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини ўрганиш мақсадида Когон шаҳридаги «Когон Камалак» Давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасасининг фаолияти ўрганилди. Унда партия фаоллари, бошланғич партия ташкилоти раислари, депутатлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Тадбирда партия вилоят Кенгаши бизнес тузилмалар, фермерлар ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўлими мудири Санжар Бакаев томонидан мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, мактабгача таълим ташкилотларини давлат томонидан бошқаришнинг самарали тизимини яратиш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Шу билан бирга ўтказилган таҳлиллар, мактабгача таълим ташкилотларини қуриш-таъмирлаш ишларини ташкил этиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, санитария-гигиена талабларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ишлар айниқса жойларда ҳамон оқсаётганлиги, паст даражада қолиб кетаётганлиги танқид остига олинди.
– Мактабгача таълим ташкилотимиз давлат раҳбарининг ташаббуси билан бунёд этилди, – дейди «Когон Камалак» Давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасасининг раҳбари, халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати Моҳигул Жўраева.
– Когон шаҳар ҳокимлиги томонидан 2800.0 кв.метр ер ажратилди. Бино 2 миллиард 100 миллион сўм имтиёзли кредит асосида қурилди. Юз ўринга мўлжалланган муассасада айни кунда 80 нафар болажон таълим-тарбия олмоқда. Таълим муассасаси рус тилига ихтисослашган бўлиб, қўшимча инглиз ва корейс тиллари ўргатилади. Шунингдек, ментал арифметика, таэквандо ва гимнастика спорт турлари бўйича малакали мутахассислар томонидан машғулотлар олиб борилади. Болаларга 5 маҳал иссиқ овқат берилади.

Депутатлар Давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасасининг фаолиятини ўрганиш давомида юзага келаётган муаммолар билан қизиқди. Аниқланган муаммолар жойида ҳал қилинди. Шунингдек, баъзи муаммолар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилиб, уларнинг ечими партиявий назоратга олинди.
Зариф Комилов, ЎзА