Давлат харидларида шаффофлик механизмлари такомиллаштирилади
Давлат харидлари соҳасида ҳисобдорликни кучайтириш, харидлар тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш ҳамда давлат буюртмачилари фаолияти устидан назорат механизмларини такомиллаштириш бюджет маблағларидан самарали фойдаланилишида муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда ишлаб чиқилган давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Лойиҳага кўра, давлат харидларида сотилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар тўғрисидаги маълумотларни ҳудудлар кесимида эълон қилиб бориш таклиф этиляпти. Бу орқали давлат харидларининг ҳудудлар бўйича ҳолатини таҳлил қилиш, қайси турдаги товар ва хизматларга талаб юқори эканини кузатиб бориш ҳамда харид жараёнларининг очиқлигини ошириш имконияти яратилади.
Шунингдек, лойиҳада давлат харидлари устидан парламент назоратини кучайтириш масалалари кўзда тутилмоқда. Шу мақсадда Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар таркибига давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган давлат харидлари натижаларини киритиш ҳам назарда тутиляпти. Бунда тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилган харидлар тўғрисидаги маълумотларни ҳам ҳисоботларда алоҳида акс эттириш белгиланмоқда. Бу эса депутатларга бюджет маблағларининг давлат харидлари орқали қандай сарфланаётганини тизимли таҳлил қилиш, харид усуллари ва натижаларини баҳолаш ҳамда зарур ҳолларда парламент назорати чораларини қўллаш имкониятини кенгайтиради.
Қонун лойиҳасида тадбиркорларнинг давлат харидлари жараёнида юзага келадиган шикоятларини жойларда тезкор кўриб чиқиш мақсадида Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг доимий фаолият юритувчи ҳудудий комиссияларини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Бу эса шикоятларни жойларда тезроқ кўриб чиқиш, низоларни қисқа вақтда ҳал қилиш, тадбиркорларнинг вақт ва харажатларини тежашга хизмат қилади. Шунингдек, давлат харидлари жараёнида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Қайд этилганидек, лойиҳадаги нормалар давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлигини ошириш, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, давлат харидларида соғлом рақобат муҳитини кенгайтиради, тадбиркорлик субъектларининг харид жараёнларида фаол иштирокини рағбатлантиради ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлайди.
М.Комилова, ЎзА