Давлат харидларида рақобат талаблари нега бузилмоқда?
Рақобат қўмитаси давлат харидлари жараёнларини ўрганиш давомида бир қатор буюртмачи ташкилотларда рақобат талаблари бузилганини аниқлади.
Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилган мониторинг ва фуқаролар мурожаатлари таҳлили натижасида бир нечта ҳудудда давлат харидларини ташкил этиш билан боғлиқ қоидабузарликлар маълум бўлди.
Жумладан, Андижон вилоятида — Олтинкўл тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасининг 300 миллион сўмлик харидлари, Фарғона вилоятида — «Фарғона туман йўллардан фойдаланиш» давлат муассасасининг 7 та, умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ортиқ хариди, Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги 2-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 2 та, қиймати 1,4 миллиард сўмдан зиёд хариди, Намангандаги Чуст туман тиббиёт бирлашмасининг қарийб 1,8 миллиард сўмлик харидлари, Навоий вилояти Хатирчи давлат ўрмон хўжалигининг 7 та, умумий қиймати 1,7 миллиард сўмга яқин хариди ҳамда Самарқанд вилоятидаги — «Ўзйўлкўприк кластери» Самарқанд филиалининг 1,7 миллиард сўмлик ҳамда «Озодлик» давлат муассасасининг 410 миллион сўмлик харидлари.
Ўрганишлар давомида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя этилмагани аниқланган. Хусусан, айрим харид жараёнларида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга йўл қўйилган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари махсус комиссиялари томонидан тегишли буюртмачи ташкилотларга нисбатан ишлар қўзғатилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш, зарур ҳолларда молиявий жарималар қўллаш ва ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли органларга материалларни юбориш чоралари кўрилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА