Давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 15 фоизгача преференция берилади
Давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар муҳокама қилинди.
Бугунги кунда ички ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу жараёнда тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, уларга амалий ечим топиш ҳамда давлат харидлари тизимида очиқлик ва рақобат муҳитини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент шаҳрида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлик субъектлари билан навбатдаги очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Тошкент шаҳрида бевосита 70 нафар, ҳудудлардан онлайн тарзда 120 нафардан ортиқ, жами 200 га яқин тадбиркор ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этди. Шунингдек, тадбирда Агентлик раҳбарияти, давлат харидларининг электрон тизимлари операторлари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар, назорат органлари, вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашди.
Очиқ мулоқотнинг асосий мақсади — давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, тадбиркорлар дуч келаётган тизимли муаммоларни бевосита ўрганиш ва уларнинг таклифлари асосида аниқ амалий ечимларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Тадбирда давлат харидлари ва саноат кооперацияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яратилаётган имкониятлар, электрон савдо платформаларидан фойдаланиш ва давлат харидларида иштирокни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-30876]
Эътиборли жиҳати, тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар бир марталик тадбир эмас, балки уларнинг муаммоларини тизимли ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган механизмга айланиб бормоқда. Шу вақтга қадар республика ҳудудларидаги 208 та туман ва шаҳарда тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Уларда жами 2 710 нафар тадбиркор иштирок этди. Бундан ташқари, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини соҳалар кесимида чуқур ўрганиш мақсадида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат, енгил саноат ҳамда фармацевтика йўналишларида алоҳида очиқ мулоқотлар ўтказилди. Ушбу учрашувларда 450 нафар тадбиркор иштирок этиб, 30 та масала кўтарилди. Шундан 20 таси жойида ҳал этилди.
– Ҳудудлардаги очиқ мулоқотлар давомида эса жами 447 та муаммо ва таклиф билдирилди, – дейди Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директор ўринбосари Жаҳонгир Юнусов. – Уларнинг 155 таси жойида ҳал этилди, 75 та масала юзасидан ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилди. Яна 214 та масала бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг ижроси назоратга олинди. Кўтарилган масалалар асосан электрон платформаларга маҳсулотларни жойлаштириш ва модерациядан ўтказиш, сертификат ва лицензия талаблари, давлат буюртмачилари томонидан қўйилаётган айрим талаблар, шартнома бўйича тўловларнинг кечикиши, маҳаллий маҳсулотларни давлат харидларига киритиш ҳамда электрон харид тизимларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлди.
Маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва ички талабдан самарали фойдаланиш мақсадида янги механизмлар жорий этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 февралдаги тегишли фармони билан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг давлат харидларида иштирокини кенгайтиришга қаратилган қатор имконият ва преференциялар белгиланди. Жумладан, бюджет буюртмачиларининг давлат харидларида хорижий етказиб берувчилар билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этганда, уларнинг сонига қараб 8 фоиздан 15 фоизгача нарх преференцияси бериш механизми жорий этилди.
Шунингдек, юқори ва ўрта барқарорлик рейтингига эга ишлаб чиқарувчилар учун харидларда иштирок этишдаги воситачилик йиғимига 50 фоиз чегирма бериш, қўшимча закалат киритмаслик ҳамда бюджет буюртмачилари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида “маҳаллий аукцион” савдоларини ўтказиш имконияти яратилди. Маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоиз ва ундан юқори бўлган маҳсулотларни етказиб беришда эса бўнак тўловларини маҳаллийлаштириш даражасига мутаносиб равишда амалга оширишга рухсат берилди.
Мулоқотда ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш, маҳаллий маҳсулотларга бўлган талабни ошириш, давлат буюртмачилари билан кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш ва давлат харидларида фаол иштирок этиш бўйича тадбиркорларга зарур тушунтиришлар берилди.
Давлат харидлари тизими тадбиркорлик субъектлари, айниқса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун муҳим бозорлардан бири ҳисобланади. 2026 йилнинг биринчи ярмида давлат харидлари ҳажми 188,4 триллион сўмни ташкил этди. Шундан рақобатли харидлар ҳажми қарийб 113 триллион сўмга етди. Ўтказилган харидлар натижасида эса 7,8 триллион сўм маблағ иқтисод қилинди.
Айни пайтда давлат харидлари бозорида тадбиркорлар иштирокини янада кенгайтириш учун катта салоҳият мавжуд. Бугун республикада 646 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг қарийб 344 мингтаси давлат харидларининг электрон тизимларида рўйхатдан ўтган. Бироқ амалда давлат харидларида иштирок этган фаол тадбиркорлар сони 126 минг атрофида, шартнома тузишга эришган тадбиркорлар эса қарийб 36 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу рақамлар тадбиркорларни давлат харидларига кенгроқ жалб этиш, электрон платформалардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш ва рақобатли харидларда иштирокини рағбатлантириш учун ҳали катта имкониятлар борлигини кўрсатади. Шу боис очиқ мулоқотда кичик ва ўрта бизнес субъектлари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, хусусан, хотин-қизлар тадбиркорлигининг давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқотнинг муҳим жиҳати шундаки, унда тадбиркорларнинг муаммолари шунчаки эшитилиб қолмасдан, уларни ҳал этишнинг аниқ механизмлари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбир якунида тадбиркорлар томонидан билдирилган муаммо ва таклифларни масъул ташкилотлар иштирокида ўрганиш, уларни ҳал этиш муддатлари ва кейинги амалий қадамларни белгилаш бўйича келишувларга эришилди. Ҳудудлар, тармоқлар ҳамда мазкур очиқ мулоқот давомида билдирилган мурожаатлар Агентлик томонидан йўналишлар кесимида умумлаштирилади. Уларнинг ечими бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришни талаб этадиган таклифлар эса алоҳида таҳлил қилиниб, белгиланган тартибда тегишли таклифлар шакллантирилади.
Энг муҳими, бундай очиқ мулоқотлар давлат идоралари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, муаммоларни жойида аниқлаш ва уларга тезкор ечим топиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг давлат харидларидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Зеро, маҳаллий ишлаб чиқарувчи учун яратилган ҳар бир янги имконият — янги бозор, янги буюртма ва янги иш ўринлари демакдир. Бу эса, ўз навбатида, саноат кооперациясини ривожлантириш, ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдириш ва миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА