
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ишини янгича тизим асосида ташкил этиш юзасидан белгиланган асосий вазифаларни самарали амалга ошириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида қарор қиламан:
I. Устувор вазифалар
1. Давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларидаги (кейинги ўринларда – давлат органлари ва ташкилотлари) коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг устувор вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
а) коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш;
б) давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий омилларни бартараф этиш, маиший коррупциянинг олдини олиш, шу жумладан, рақамлаштириш, бюрократияни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
в) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва якунлари бўйича аниқланган коррупциявий нормаларни бекор қилиш бўйича таклиф киритиш;
г) давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик чораларини кўриш, давлат харидлари бўйича превентив ўрганишларни амалга ошириш;
д) коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан мунтазам равишда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига (кейинги ўринларда – Агентлик) электрон ҳисобот тақдим этиб бориш;
е) тегишли соҳа ва тармоқда коррупциявий хавф-хатарлар рўйхатини шакллантириш, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, тасдиқланишини таъминлаш;
ж) давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назоратни амалга ошириш ва коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш имконини берувчи ситуацион марказлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритиш;
з) меҳнат жамоасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш;
и) коррупцияга қарши курашиш бўйича ижобий тажрибаларни оммалаштириш ва жорий этиш юзасидан таклифлар киритиш.
II. Коррупцияга қарши ички назорат тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар
2. Белгилансинки:
а) коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ўз фаолиятида бевосита ташкилотнинг биринчи раҳбарига, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида эса кузатув кенгашига (кузатув кенгаши мавжуд бўлмаган ҳолларда корхона раҳбарига) бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор бўлади;
б) давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари ва таркибий ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари томонидан тайинланади ҳамда фаолияти улар томонидан мувофиқлаштирилади;
в) коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш тўғрисидаги Агентликнинг тақдимномалари улар фаолият олиб бораётган ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши мажбурий ҳисобланади.
3. Давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларини ташкил этишнинг минимал мезонлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Агентлик Ҳисоб палатаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда бошқа масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили давлат органлари ва ташкилотларида мазкур минимал мезонларга асосан коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ташкил этилишини мониторинг қилиб, натижалари бўйича Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашга ахборот киритиб борсин.
III. Коррупцияга қарши ички назорат тизими самарадорлигини ошириш бўйича ҳуқуқий эксперимент
4. 2027 йил 1 январгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида қуйидагиларни назарда тутувчи тизим жорий этилсин:
а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖнинг (кейинги ўринларда – эксперимент ўтказиладиган ташкилотлар) коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбари лавозимига Агентлик ходимлари тайинланади;
б) эксперимент ўтказиладиган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари бевосита Агентликка бўйсунади;
в) эксперимент ўтказиладиган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш Агентлик ҳамда эксперимент ўтказиладиган ташкилотлар томонидан биргаликда амалга оширилади.
5. Ҳуқуқий эксперимент доирасида белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш мақсадида:
а) эксперимент ўтказиладиган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари штат бирликлари ҳуқуқий эксперимент даврида Агентликка ўтказилади;
б) мазкур штат бирликлари учун Агентликнинг бўлим бошлиғига белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш шартлари қўлланади. Бунда ушбу лавозим учун меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари, шунингдек, Агентликда ва эксперимент ўтказиладиган ташкилотларда ушбу лавозим учун тўланадиган иш ҳақи ўртасидаги тафовут:
1) Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирликларида фаолият юритувчи Агентлик ходимлари учун – Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан;
2) “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзсувтаъминот” АЖда фаолият юритувчи Агентлик ходимлари учун – Агентликнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига акциядорлик жамиятлари томонидан ўтказиб бериладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.
6. Агентлик (А. Бурханов) эксперимент ўтказиладиган ташкилотлар билан биргаликда:
а) бир ой муддатда эксперимент ўтказиладиган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси ходимлари фаолиятининг ҳуқуқий эксперимент давомидаги энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) белгиласин;
б) ҳуқуқий экспериментнинг амалга оширилиши ҳақида ҳар ярим йилда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашга ахборот киритиб борсин;
в) икки ой муддатда ҳуқуқий экспериментни амалга ошириш жараёнини тартибга солиш бўйича қўшма қарор қабул қилсин;
г) ҳуқуқий экспериментнинг натижаларини таҳлил қилиш асосида 2027 йил 1 январга қадар ушбу тизимни бошқа давлат органлари ва ташкилотларига ҳам татбиқ этиш юзасидан асослантирилган таклифларни киритсин.
IV. Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимлари малакасини ошириш ва улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш
7. Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий таъминлаш, уларнинг ходимларини стажировка ва аттестациядан ўтказиш ҳамда малакасини ошириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгилансин.
8. Давлат органлари ва ташкилотлари коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг илк марта лавозимга тайинланган масъул ходимлари қуйидаги тартибда икки ҳафталик стажировкадан ўтиши белгилансин:
а) давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг раҳбарлари ва ходимлари – Агентликда;
б) ҳудудий бўлинма ва таркибий ташкилотларнинг коррупцияга қарши курашишга масъул ходимлари – давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларида.
9. Агентлик:
а) давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда уларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари учун ҳар йили коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат бўйича қисқа муддатли малака ошириш курсларини ҳамда уларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар уч йилда аттестациядан ўтказилишини ташкил этиб борсин;
б) уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
1) Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш;
2) коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод этишни Агентлик билан келишиш тартибини белгилаш;
3) коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) тасдиқлаш ва баҳолаш тартибини белгилаш;
4) коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимларининг малакасини ошириш, уларни стажировка ва аттестациядан ўтказиш тартибини белгилаш;
в) уч ой муддатда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимларининг касбий стандартлари ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин;
г) 2025 йил 1 июлга қадар “E-anticor.uz” электрон платформасида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларининг электрон реестрини юритиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича қилинган ишлар ҳақидаги ҳисоботни электрон шаклда тақдим этиш, аноним сўровномалар ўтказиб, натижаларини жамоатчиликка эълон қилиш имконини берувчи электрон модулни ишга туширсин;
д) коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш натижалари бўйича ҳар ярим йилда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашга ахборот киритиб борсин.
V. Молиявий ресурслар
10. “E-anticor.uz” электрон платформасини функционал кенгайтиришга қаратилган модулни яратиш билан боғлиқ харажатлар Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро ва миллий донорлар томонидан ажратилган маблағлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши белгилансин.
VI. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
11. Агентлик Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мақсад, вазифалари, ундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
13. Агентлик (А.Бурханов) икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Д.Б.Кадиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2025 йил 21 апрель