Давлат олий таълим муассасаларига қабул бошланди
Жорий йил 5 июнь санасидан бошлаб мамлакатимиздаги давлат олий таълим муассасаларига 2026–2027 ўқув йили учун абитуриентлар қабул жараёнлари расман бошланди. Қабул жараёнлари my.uzbmb.uz портали орқали амалга оширилади ва 25 июнга қадар давом этади.
Қабулнинг ушбу босқичида абитуриентлар фақат фанлар мажмуасини танлаш имкониятига эга бўлади. Яъни, улар қайси фанлардан тест топширишини белгилаб олади. Тест синовлари якунланиб, натижалар тўлиқ эълон қилинганидан сўнг, абитуриентлар ўзи тўплаган балл ва рейтингларига мувофиқ равишда олий таълим муассасаси ҳамда таълим йўналишини танлаш имкониятига эга бўлади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу тизим абитуриентларга танловни босқичма-босқич амалга ошириш, шунингдек, ўз имконияти ва натижаларини аниқроқ баҳолаш имконини беради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА