Давлат корхоналарида ESG тизими жорий этилади
ESG Center of Excellence дастурининг илк битирувчиларига сертификатлар топширилди. Шу билан бирга, мамлакатдаги барча давлат корхоналари ходимлари учун ESG бўйича ўзбек ва рус тилларидаги онлайн таълим платформаси ишга туширилди. Бу ташаббус давлат корхоналарида халқаро стандартларни кенг жорий этиш ва барқарор ривожланиш тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида ESG Center of Excellence таълим дастурининг илк битирувчиларига сертификатлар топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимиз давлат корхоналарида ESG (экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув) тамойилларини кенг жорий этиш, барқарор ривожланиш маданиятини шакллантириш ҳамда соҳада миллий салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилган янги ташаббуслар тақдим этилди.
Тадбирнинг муҳим янгиликларидан бири сифатида мамлакатдаги барча давлат корхоналари ходимлари учун ESG йўналишида масофавий таълим олиш имконини берувчи онлайн ўқув платформаси ишга туширилгани эълон қилинди.
Мазкур таълим дастури Ўзбекистон Республикаси давлат корхоналарида халқаро ESG стандартларини жорий этиш ва барқарор ривожланиш тамойилларини амалиётга татбиқ этиш мақсадида “UzAssets” акциядорлик жамияти томонидан Осиё тараққиёт банки кўмагида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Икки босқичли ўқув дастурида мамлакатнинг йирик давлат компаниялари мутахассислари иштирок этиб, ESG соҳасидаги замонавий ёндашувлар, халқаро ҳисобот стандартлари, корпоратив бошқарув, экологик масъулият ва ижтимоий барқарорликка оид билим ҳамда амалий кўникмаларни эгаллади.
Тадбирда сўзга чиққанлар барқарор ривожланиш бугунги кунда давлат корхоналарининг рақобатбардошлигини белгилайдиган муҳим омилга айланганини таъкидлади. ESG тамойилларига амал қилиш инвестициялар жалб этиш имкониятларини кенгайтиради, инвесторлар ишончини мустаҳкамлайди, шунингдек, компанияларнинг халқаро молия бозорларига чиқиши, IPO жараёнларини амалга ошириши ҳамда хусусийлаштиришга тайёргарлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, ESG хавфларини тизимли бошқариш, корпоратив шаффофликни таъминлаш, молиявий бўлмаган ҳисоботлар сифатини халқаро стандартлар ва миллий “яшил иқтисодиёт” стратегияси талаблари асосида такомиллаштириш долзарб вазифалардан бири экани қайд этилди.
Мутахассислар ташқи консалтинг хизматларига қарамликни босқичма-босқич қисқартириш, давлат компанияларининг ички экспертлик салоҳиятини шакллантириш ва институционал билимлар базасини мустаҳкамлаш узоқ муддатли самарадорлик учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
[gallery-30241]
Ишга туширилган ESG Center of Excellence онлайн платформаси давлат корхоналари ходимларига ўзбек ва рус тилларида замонавий ўқув материаллари, методик қўлланмалар ҳамда амалий билимлардан фойдаланиш имконини яратади. Бу эса ESG соҳасида билимларни оммалаштириш ва тизимли малака оширишга хизмат қилади.
Лойиҳа Осиё тараққиёт банки кўмагида, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, миллий ва халқаро экспертлар ҳамжамияти, шунингдек, ўз ходимларини ўқишга юборган давлат компаниялари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилди.
— Дастурнинг асосий мақсади давлат корхоналарида ESG тамойилларини кенг жорий этиш, соҳада миллий экспертлар салоҳиятини шакллантириш ҳамда халқаро стандартларни амалиётга татбиқ этишдан иборат, - дейди Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби директори ўринбосари Миркомил Адилов. - Бу орқали корпоратив бошқарув сифатини ошириш, барқарор ривожланиш тамойилларини мустаҳкамлаш ва давлат компанияларининг халқаро рақобатбардошлигини юксалтириш кўзда тутилган.
Илк босқичда йирик давлат корхоналари мутахассислари ESG йўналишида чуқур назарий ва амалий билимларга эга бўлди. Улар экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув соҳасидаги замонавий халқаро ёндашувларни ўзлаштириб, ушбу билимларни ўз ташкилотлари фаолиятига татбиқ этиш имкониятига эга бўлди. ESG стандартларини жорий этиш компаниялар фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширади.
Бу инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб қилиш, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, компанияларнинг халқаро бозорларга чиқиши, IPO ўтказиши ва хусусийлаштириш жараёнларига тайёргарлигига хизмат қилади. Ишга туширилган онлайн платформа давлат корхоналари ходимларига ўзбек ва рус тилларида ESG бўйича замонавий билимларни масофавий шаклда эгаллаш имконини яратади. Бу таълим қамровини кенгайтириш ва соҳада ягона билимлар муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Масофавий таълим ходимларга иш жараёнидан ажралмаган ҳолда малакасини ошириш имкониятини беради. Шу билан бирга, ESG бўйича билимларни мунтазам янгилаш ва барча давлат корхоналарида ягона ёндашувни шакллантириш учун қулай шароит яратади. Осиё тараққиёт банки ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорлик халқаро тажриба ва илғор амалиётларни мамлакатимизга олиб кириш, миллий мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда ESG соҳасида замонавий билимлар тизимини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Келгусида дастур доирасида ички тренерлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, ESG таълимининг илғор босқичларини ташкил этиш ҳамда давлат компаниялари юқори бўғин раҳбарлари учун махсус ўқув модулларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Истиқболда ESG Center of Excellence Ўзбекистонда ESG соҳасидаги миллий компетенциялар марказига айланиб, таълим, илмий-амалий экспертлик ва барқарор ривожланиш стандартларини кенг жорий этишга хизмат қилувчи муҳим платформалардан бири бўлиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА