Давлат идораларида очиқлик қандай таъминланмоқда?
Давлатимиз раҳбарининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, давлат органлари фаолиятида очиқлик таъминланиши зарур.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фармон ижроси бўйича мониторинг ишларини олиб бормоқда.
Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш (эълон қилиш) бўйича мажбуриятлари ҳисоби юритилмоқда.
Жорий йил биринчи ярмида 93 давлат органи ва ташкилоти, шу жумладан, 14 маҳаллий давлат ҳокимияти органи, 21 вазирлик, 7 қўмита, 11 агентлик, 7 марказий муассаса, шунингдек, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган 10 акциядорлик тижорат банки ва 23 акциядорлик жамияти ва компанияларнинг белгиланган маълумотларни ўз расмий веб-сайтлари ва Очиқ маълумотлар порталида ўз вақтида ва тўлиқ жойлаштирилиши таҳлил қилинди.
Аниқланишича, мониторинг ўтказилган давлат органлари ва ташкилотларининг фақатгина 33 таси очиқлик бўйича белгиланган мажбуриятларнинг ижросини 50 фоиз ва ундан юқори, 60 таси эса 50 фоиздан паст кўрсаткич билан таъминлаган.
Маълум бўлишича, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни белгиланган ресурсларда очиқ эълон қилиш ҳолати бўйича энг қониқарсиз кўрсаткич акциядорлик жамиятлари ва компаниялар томонидан қайд этилган.
Айниқса, “Uzbekistan airways”, “Ўзбеккўмир”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Uzbekistan аirports”, “Ўзавтосаноат”, “Йўлқурилиш” акциядорлик жамиятлари, “Ўзмахсусмонтажқурилиш”, “Ўздонмаҳсулот”, “Қишлоққурилишинвест” компаниялари ўз фаолиятига оид 10 турдаги очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни умуман жойлаштирмаган.
Шу каби ҳолатларни МТРК, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Андижон, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги мисолида ҳам кузатиш мумкин.
Давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар фақатгина 34 давлат идораси томонидан, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари 32, хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар 47, тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси тўғрисидаги маълумотлар 34 давлат идораси томонидан белгиланган ресурсларда очиқ эълон қилинган.
Ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар давлат органлари ва ташкилотлари расмий веб-сайтининг бош саҳифасида алоҳида бўлимга жойлаштирилиши, ушбу талаб бажарилмаган тақдирда, улар эълон қилинмаган, деб ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Бироқ, ушбу талаб ҳақида айрим компания ва ҳокимликлар огоҳлантирилган бўлсада, улар расмий веб-сайтида очиқ маълумотларнинг жойлаштирилиши фуқаролар учун қулай тарзда ташкил этилмаган.
Шу билан бирга, айрим давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фаолият очиқлигини таъминлаш борасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, ўрганиш натижаларига кўра, очиқликни таъминлаш соҳасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича 11 давлат органи ва ташкилотга тақдимнома юборилди. Унда ушбу масала соҳага масъул раҳбар ҳамда ходимлар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниши ҳамда қайд қилинган қонун бузилишларининг келиб чиқишига имконият яратиб берган ва сабабчи бўлган мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласи қўйилган.
Н.Абдураимова, ЎзА