Давлат ер активларини бошқаришда Германия тажрибаси ўрганилди
Давлат ерларининг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларни мақсадли тақсимлаш ва бошқарувда замонавий усулларни қўллаш ер ресурсларини бошқариш тизимининг муҳим вазифаларидир. Бу жараёнда ер активларини баҳолаш, ижарага бериш ва улардан келадиган даромадни ошириш механизмлари алоҳида аҳамиятга эга.
Шу йўналишда Германияга амалий ташриф билан борган Ўзбекистон делегацияси давлат ерларини бошқаришга ихтисослашган BVVG (Bodenverwertungs- und -verwaltungs GmbH) давлат компанияси фаолияти билан танишди. Мазкур ташкилот қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалигига тегишли давлат ерларини бошқариш, ижарага бериш ҳамда хусусийлаштириш билан шуғулланади.
Ташриф давомида компаниянинг ишлаш тартиби, бошқарув модели ва Германия Федерал кўчмас мулк агентлиги (BImA) ҳамда бошқа давлат идоралари билан вазифалар тақсимоти ўрганилди.
Хусусан, ер майдонларини хатловдан ўтказиш, уларнинг бозор ва иқтисодий қийматини аниқлаш, ижара шартларини белгилаш, очиқ савдоларни ташкил этиш ҳамда шартномалар ижросини назорат қилиш амалиёти кўриб чиқилди. Германия тажрибасида ерларни хусусийлаштириш ягона ечим сифатида эмас, балки улардан самарали фойдаланишга хизмат қилувчи бошқарув воситаларидан бири. Бунда ердан оқилона фойдаланиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва узоқ муддатли иқтисодий самарадорликка эришиш муҳим саналади.
Ўзбекистон делегацияси ер участкаларининг келгусидаги фойдаланиш имкониятларини баҳолаш ва уларни тасарруф этишнинг мақбул усулларини танлаш масалаларига ҳам эътибор қаратди. Шунингдек, ер активларини бошқаришда қўлланиладиган VESTA рақамли тизимининг функционал имкониятлари ва амалиётдаги қўлланилиши билан танишиш масаласи кўтарилди.
Учрашувда BVVG, BImA ва бошқа федерал ташкилотлар ўртасидаги идоралараро мувофиқлаштириш, давлат ерлари бўйича қарорлар қабул қилишда ваколатларни тақсимлаш тартиби ҳам муҳокама қилинди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот хизматига кўра, Германияда ўрганилган амалиётлар Ўзбекистонда давлат ер активларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, ерларни баҳолаш ва ижарага бериш жараёнларини ривожлантириш, рақамли воситалардан фойдаланиш ҳамда ер ресурсларининг иқтисодий самарадорлигини оширишда қўл келади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА