Давлат чегараси хавфсизлигини таъминлашда янги ҳуқуқий механизм
Қонун лойиҳасига шарҳ
Давлат чегараси — муқаддас. Уни яширин йўллар билан ноқонуний кесиб ўтиш, турли кўринишдаги товар ва маҳсулотларни яширинча чегарадан олиб ўтиш каби ҳолатлар мамлакат хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланади. Эндиликда қонунчилигимизга киритилаётган янги нормалар билан давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш, давлат чегарасига оид қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева батафсил тушунтириш берди:
— Сўнгги йилларда дунёда трансмиллий жиноятчиликнинг янги кўринишлари, хусусан, давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтиш, контрабанда ва яширин инфратузилмалар орқали хавфсизликка таҳдид солиш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда. Бу эса ҳар бир давлатдан миллий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий механизмларни доимий такомиллаштириб боришни талаб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ер остида ноқонуний иншоотлар, туннеллар ёки бошқа инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш ҳамда бундай фаолиятни молиялаштирилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Кейинги йилларда айрим давлатларда ноқонуний туннеллар орқали товарлар, қурол-яроғ, гиёҳванд моддалар ва шахсларни яширин равишда олиб ўтиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мамлакатимизда ҳам 2016-2025 йиллар оралиғида 12 та яширин туннеллар аниқланган. Биргина Фарғона ва Андижон вилоятларида туннеллар орқали 30 миллиард сўмдан ортиқ товар яширинча олиб кирилган. Бу каби факт ва рақамлар юқоридаги қонун ташаббусининг нақадар долзарб эканини кўрсатади.
Қонун лойиҳасининг муҳим жиҳатларидан бири — давлат чегараси орқали ер остида қурилган ноқонуний туннеллар ёки инфратузилма объектларидан фойдаланиб божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ёки ноқонуний равишда чегарани кесиб ўтиш ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилаётганидир. Бу эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун замонавий хавф-хатарларга қарши самарали ҳуқуқий асос яратади.
Шунингдек, қонун лойиҳасида профилактик ёндашув ҳам назарда тутилган. Хусусан, биринчи марта ушбу турдаги ҳуқуқбузарликни содир этган ва ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериб, жиноятни очишга ёрдам берган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби белгиланмоқда. Бу эса жиноятларни эрта аниқлаш ва олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур ташаббус нафақат давлат чегарасининг дахлсизлигини таъминлашга, балки мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам хизмат қилади. Чунки ноқонуний туннеллар орқали товарлар ҳаракатланиши давлат бюджетига катта иқтисодий зарар етказиши, “яширин иқтисодиёт” кўламини ошириши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун лойиҳаси давлат чегарасини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш ҳамда мамлакат хавфсизлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади. Бу эса Янги Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди,
ЎзА