Дания Қуръон ёқишни тақиқлайди
Дания қонунчилик даражасида Қуръон ёқилишини тақиқлайди. Бу ҳақда адлия вазири Питер Хуммельгаард маълум қилди.
“Deutsche Welle” хабарига кўра, ҳукумат мамлакатдаги айрим мухолиф партияларнинг “бундай тақиқ сўз эркинлиги бузилишига олиб келади”, қабилидаги эътирозини қабул қилмади.
“Қонун лойиҳасида диний жамоатчилик учун муҳим аҳамиятга эга объектларга нисбатан нотўғри муносабатда бўлиш тақиқланиши қайд этилган”, дейди Хуммельгаард журналистларга берган интервьюсида. Қўшимча қилинишича, мазкур ҳужжат жамоат жойларида ўт қўйиш ва бошқа турдаги таҳқирлаш ҳаракатлари билан боғлиқ.
– Лойиҳа, масалан, Қуръон, Инжил ёки Тавротни оммавий равишда ёқиб юборганлик учун жавобгарликни назарда тутади, – деди у. – Ўз фикрини ифодалашнинг, бирор нимани ёқишдан кўра, маданиятлироқ усуллари борлигига ишонаман.
Ҳужжатга кўра, муҳим диний аҳамиятга эга объектга нисбатан ноўрин муносабатда бўлишда айбдор, деб топилганлар жаримага тортилиши ёки икки йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин, деб ёзади “NY Times”.
Сўнгги ойларда Дания ва Швецияда одамларнинг Қуръон нусхасини омма олдида ёқиб юбориши ёки таҳқирлаш билан боғлиқ кўплаб хунук ҳодисалар юз берди. Шундан келиб чиқиб, Дания мазкур ҳолатга чора кўрди. Бундай ҳаракатлар қатор мусулмон давлатлари норозилигига сабаб бўлиб, Шимолий Европа давлатларидан бундай амаллар тақиқланиши қатъий талаб қилинди.
Эслатиб ўтамиз, ножоиз акциялар ўтган йилдан бери Швеция, Дания ва Нидерландияда ўтказиб келинмоқда. Туркия Дин ишлари бошқармаси Стокгольм ва Гаагадаги шунга ўхшаш воқеаларга жиддий норозилик билдирган. Ҳатто, Aнқара Бош прокуратураси Швеция, Дания ва Голландияда Қуръонни ёққан шахсларга нисбатан жиноий иш очган.
Г.Сатторова,
ЎзА