Даладан тўғри жаҳон бозорига
Янгийўл тумани деҳқон бозори эрта тонгдан гавжум. Расталардаги бир-биридан сархил мева-сабзавотлар кўзни қувнатади. Маржондай товланиб турган турфа ранг олманинг тахини бузгинг келмайди. Янги олма пишиб қолдию ўтган йилги ҳосил янгидай турибди.
Янгийўл тумани деҳқон бозори эрта тонгдан гавжум. Расталардаги бир-биридан сархил мева-сабзавотлар кўзни қувнатади. Маржондай товланиб турган турфа ранг олманинг тахини бузгинг келмайди. Янги олма пишиб қолдию ўтган йилги ҳосил янгидай турибди.– Бозор тўкинлигига қараб, юрт ободлигию эл маъмурчилигига баҳо берадилар, – дейди Ғанишер ота. – Бугун узиб олингандай сархил бу олмалар ўзимизнинг боғдан. Фермер ўғлим етиштирган. Махсус омбор – музлаткичда сақланган.
Отахоннинг сўзларида ҳеч бир синоат йўқ. Барчаси оддий – фермер Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган кенг шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланмоқда, холос.
– Илгари олмани январь ойининг охирига қадар зўрға етказар эдик, – дейди Ғанишер ота. – Кўпинча меванинг сифати бузилиб, исроф бўлар эди. Баҳорнинг биринчи куни отамнинг сандиқда антиқа усулда сақлаган охирги олмаларини қўни-қўшни билан баҳам кўрардик.
– Мен ҳам “сандиқ олма”нинг мазасини тотган набираларданман, – дейди сотувчи Илҳом ака растадаги “беш юлдуз”дан бирини қарсиллатиб иккига бўлар экан. – Ўша пайтларда суви қочган олма ҳам жуда мазали туюларди. Баъзи оилалар, икки-уч “сандиқ”ни қиш бўйи сақлаб, сўнг бозорга олиб чиқарди. Нархи ҳам уч-тўрт ҳисса қиммат бўларди-да. Гапнинг қисқаси, мева-чеванинг нархида бугунгидай барқарорлик йўқ эди...
Ушбу суҳбат болалигимни, раҳматли бобомнинг ҳикояларини ёдга солди.
...Бобомнинг ҳовлиси қишлоқнинг адоғида бўлганидан ёғингарчиликда ариқ суви тошиб кетарди. Атрофи боғ-роғ бўлса-да, оқар сув чиқмайдиган тап-тақир кенглик.
Раҳматли бобомнинг айтишича, ўша кенглик бир пайтлар колхознингми, совхознингми ён-атрофдаги боғлардан узилган мева-чевани тўплаб район марказига юборадиган майдончаси бўлган. Қўлбола усулда ясалган яшикларга жойланган мева ҳафталаб офтобда қолиб кетган, қанчаси шу ернинг ўзида нобуд бўлган. Бундан боғбонлар ҳар қанча оғринмасин, шундан нарига ўтолмаган. Ахир “давлатнинг мулки” бўлса, уни берухсат офтобдан ё совуқдан асраб бўладими? Уйга олиб киришни-ку, хаёлга ҳам келтириб бўлмасди...
...Ҳозир ўша кенгликда бунёд этилган олмазор тўкис манзара касб этган. Томчилатиб суғориладиган бу боғнинг бир йиллик даромадидан машина сотиб олаётган, элга тўй бераётган Сулаймон акага ҳавасингиз келади. Ўтган йили хусусий омборига сиғмаган ортиқча ҳосилни туман марказидаги замонавий музлаткичга жойлабди...
Президентимизнинг 2006 йил 11 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Тошкент вилоятида ҳам мева-сабзавот ва узум етиштириш, уни қайта ишлаш ҳамда экспорт қилиш бўйича салмоқли ютуқларга эришилмоқда.
Маълумотларга кўра, вилоятда ўтган йили 2 миллион тоннадан ортиқ сабзавот, 400 минг тонна картошка, 200 минг тоннадан зиёд мева, қарийб 170 минг тонна узум етиштирилган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада амалга оширилаётган ишлар кўламини янги босқичда давом эттиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда Тошкент вилоятидаги 32 минг 354 гектар боғнинг 4 минг 561 гектари интенсив боғлардир. Ҳудудда фаолият юритаётган 9 минг 400 дан ортиқ фермер хўжалигининг 3 минг 400 дан зиёди боғдорчилик ва узумчилик, 350 га яқини сабзавот ва полизчиликка ихтисослашган. Етиштирилган маҳсулотни сифатли ва узоқ муддат сақлаш учун ҳудудда 142 омборхона, 76 музлаткич барпо этилган.
Мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб, айни пайтда улар 70 дан ошди.
Вилоятда ўз маҳсулотини ўзи қайта ишлаб, тўғридан-тўғри четга экспорт қилаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари талайгина. Бундай хўжаликлар сафини янада кенгайтириш, яратилаётган имконият ва имтиёзлар билан атрофлича таништириш мақсадида барча туманларда фермер хўжаликлари раҳбар ва ишчилари ўртасида семинарлар ташкил этилмоқда. Соҳага доир саволлар, муаммоли ҳолатлар билан мурожаат қилган хўжалик вакилларига туман ҳокимликлари, вилоят фермерлар кенгаши ва савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари зарур маслаҳат ва тавсиялар бермоқда.
– Жорий йилнинг биринчи чорагида юздан ортиқ фермер ҳуқуқий, молиявий-иқтисодий ва бошқа йўналишларда маслаҳат сўраб мурожаат қилди, – дейди вилоят фермерлар кенгашининг шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар бўйича бош мутахассиси Сотволди Хуррамов. – Ҳар бир саволга атрофлича жавоб қайтарилди. Мева-сабзавот ва боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ўз маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилишга ҳаракат қилаётгани қувонарлидир. Соҳада ҳали тажрибаси кам қишлоқ мулкдорлари экспортнинг ўзига хос тартиблари билан танишиши лозим. Чунки маҳсулот вақтида йиғиб олиниши, яхши сақланиши, қадоқланиши ва харидорга сифатли етказилиши ўта муҳим. Бунинг учун замонавий инфратузилма, яхлит комплекс зарурлигини улар яхши билишади.
Дарҳақиқат, бугунги фермер ишбилармон бўлмаса, ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билмаса, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланмаса рақобатга дош беролмаслиги, замондан ортда қолиши ҳеч гап эмас.
– Президентимизнинг шу йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2016 йилги ҳосилдан бошлаб мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмасининг жорий этилиши деҳқон ва фермерларнинг манфаатдорлигини ошириш, маҳсулотни сифатли қайта ишлаш ва сақлаш, бозорга рақобатбардош маҳсулот чиқариш имкониятини янада кенгайтиради, – дейди Пискент туманидаги “Зафар сарбон” фермер хўжалиги раҳбари Эрмат Қодиров. – Мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган хўжалигимизнинг умумий ер майдони 20 гектар. Узум, олхўри, ёнғоқ ва сабзавотларни қайта ишлаймиз. Бугун мева пюрелари, томат пастаси, шарбат, музлатилган мева ва яна 20 дан ортиқ табиий тоза маҳсулотни ички бозордан ташқари чет давлатларга экспорт қилмоқдамиз.
Хўжалик ўтган йили экспортдан 40 минг доллар даромад кўрди. Президентимиз қароридан руҳланган хўжалик ишчилари жорий йилда иш самарадорлигини янада ошириш, 125 минг доллар даромад олишни мақсад қилган.
Эндигина тош боса бошлаган узум ва олхўрига қараб ҳосилдорликни олдиндан чамалайдиган фермер суҳбатни олхўризорда давом эттиришни таклиф қилади.
– Юртимизнинг тупроғи зар, қуёши саховатли. Лекин шуни унутмаслик керакки, замин унга меҳр берган, ҳар қаричини қадрлаган, меҳнатини аямаган деҳқоннигина сийлайди, – деб, бизни боғ қатор ораларига экилган бақлажон, булғор қалампири, турли кўкатлар томон бошлайди. – Бу усулни деҳқончилик ва боғдорчиликнинг уйғунлашуви дейишади.
Фермернинг бу фикрлари вилоятнинг бошқа бир туманида ташкил қилинаётган яна бир янги боғ ҳақида сўзлашимизга туртки бўлди.
Апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Бўстонлиқ туманида фаолият олиб бораётган “Дилшод Агроимпекс” фермер хўжалигининг бир гектардан зиёд ерига 300 тупдан ортиқ писта кўчати экилди. Биз ҳам ўша хайрли тадбирда иштирок этдик.
– Туманимизда 5 минг 300 гектардан ортиқ боғ бор, – деган эди ўшанда хўжалик раҳбари Дилшод Шоумаров. – Биз мана шу 10 гектарлик ташландиқ майдонни чиқиндидан тозалаб, боғнинг кенгайишига ҳисса қўшмоқчимиз. Томчилатиб суғориладиган интенсив боғимизнинг 2 гектарига олма, гилос кўчатлари экдик. Нотекис ерларга писта кўчати экаяпмиз. Сувсизликка чидамли бу дарахтлар келгусида нафақат яхши ҳосил беради, балки ернинг тузилишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Сизга яна бир гапни айтай, келажакда бу ер нафақат боғ бўлади, балки хорижий сайёҳларни жалб қиладиган агротуризм масканига ҳам айланади. Чунки қишлоқ хўжалигида хориж тажрибасини ўрганиш жараёнида писта, бодом, узум, олма каби бир-биридан тотли меваларнинг қандай етиштирилиши билан қизиқувчи сайёҳлар кўплигига амин бўлдим. Хуллас, бу ерда қишлоқ хўжалиги, туризм ва агросаноатни уйғунлаштиришни режалаштирганмиз. Бунинг учун бизда барча шароит ва имкониятлар мавжуд.
Ҳа, бугун юртимизнинг қай бир ҳудудида бўлманг, орзулари, режалари муштарак қишлоқ мулкдорларини кўрасиз. Уларни бир мақсад – Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарадорлигига ҳисса қўшиш, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилишдек олижаноб режалар бирлаштиради.