Cпортда гендер тенглиги таъминланмоқда
Гендер стратегиясининг асосий мақсади ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий тенглигини таъминлашдан иборатдир.
Тарихга назар ташлар эканмиз, Шарқ қомусий олимлардан Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида тенглик ҳукм сурган давлатни фозилликка интилган давлат сифатида қайд этган бўлса, 1791 йилда Олимпия де Гуж томонидан тайёрланган фуқаролик ва аёл ҳуқуқи декларациясида илк бор аёлларнинг эркин фикрлаш ва ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга эканлиги эътироф этилган.
Сўнгги йилларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Президентимиз раислигида ўтказилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш бўйича видеоселекторда ҳам бу масалаларга чуқур урғу берилди ва бу мақсад мамлакатимизнинг Тараққиёт стратегиясидаги энг муҳим йўналишлардандир.
Айнан спорт соҳасида бу тамойил Олимпия хартиясининг талабларидан биридир. Олимпия хартияси олимпия ҳаракати учун қонунлар мажмуасидир.
Хартияга биноан Олимпиада ўйинлари “Ҳаққоний ва тенг ҳуқуқли мусобақаларда бутун дунё спортчиларини бирлаштириб, мамлакатлар, алоҳида шахсларга нисбатан ирқий, диний ёки сиёсий камситилишга йўл қўйилмайди”.
Бирон спорт турининг Олимпия ўйинлари дастурига кириши учун қатъий мезонлар, талаблар бўлади. Улардан бири спортдаги гендер тенглик масаласи, яъни, Олимпия ўйинларига даъвогар спорт тури билан эркаклар қатори хотин-қизлар ҳам тенг шуғулланиши керак.

Бугун курашимиз замонавий спорт тури бўлди. Осиё ўйинларидан мустаҳкам жой олди. Дунё полвонлари “ўртага”, “таъзим”, “кураш”, “ҳалол”, “ёнбош”, “чала”, “дакки”, “танбеҳ”, “ғирром”, “бекор”, “тенг”, “тўхта” каби ўзбек сўзларини баралла айтмоқда.
Замонавий кураш қоидалари асосчиси Комил Юсупов кураш қоидаларида гендер тенглиги тамойилига алоҳида эътибор қаратган. Комил Юсупов қоидаларга эркаклар учун 7 та вазн тоифаси киритган бўлса, 8 та вазн аёллар учундир.
Курашга хотин-қизларни жалб этиш масаласига келсак, муаммоли масала. Бу айниқса, шарқона менталитет ҳукмрон халқларда жуда оғир кечади. Аммо қоидалар асосчиси буларга ҳам ечим топди.
Биринчидан, оғритиш, бўғиш ёки ерда ётиб курашиш каби усуллар тақиқланган. Ерга тизза тегдими кураш тўхтатилади. Иккинчидан, кураш яктаклари ҳам менталитетимизга хос. Спорт кийимимиз ёпиқ, тананинг деярли бирон жойи очиқ намоён бўлмайди.
Демак, кураш аёллар учун жуда мос спорт тури ҳисобланади. Бундай ҳолда хотин-қизлар ҳам кураш билан тенг ҳуқуқли шуғулланиш имконига эга. Бу ўз навбатида, қариялар, болалар учун ҳам қулай ва хавфсиз.
Тошкент вилоятининг Паркент туманида “Кураш-Олимпия сари. Гендер тенглик” мавзуида ташкил этилган семинар-тренинг ҳам юқоридаги фикрларнинг инъикоси бўлди.

Курашни хотин-қизлар ўртасида янада оммалаштириш мақсадида ташкил этилган семинар-тренингда республикада фаолият олиб бораётган аёл ҳакамлар, мураббийлар ва кураш бўйича Жаҳон, Осиё чемпионлари, Осиё ўйинлари ғолиблари иштирок этди.
Семинар ишини туман ҳокими Шоҳрух Шоаҳмедов очиб берди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова Президентимиз томонидан аёлларга кўрсатилаётган эътибор айниқса, кураш спорт турини ривожлантириш, гендер тенглик масалаларига тўхталиб ўтди. Спорт психологи томонидан ўтказилган тренинг ва кураш тарихи, фалсафаси юзасидан қилинган маъруза қизларни қизғин муҳокамаларга чорлади.
Тадбир сўнгида Жаҳон чемпионлари бўлган қизларимиз маҳорат дарсларини намойиш этди.
Зулхумор Рўзиева,
Ўзбекистон кураш федерацияси
матбуот хизмати раҳбари
ЎзА