Цирк санъати муаммоларига бағишланди
Маданият вазирлигида "Ўзбек давлат цирки" давлат муассасаси ҳамда шу соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, ходимларни хорижий давлатлардаги олий таълим муассасаларида ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш масалалари юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида кадрлар масаласидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари, цирк ва мактаб ўртасида ижодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янгидан-янги ижодий лойиҳалар, томошабинлар ва мухлисларга ҳайрат ва завқ бағишловчи бадиий дастурлар яратишдек долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Иқтидорли, салоҳиятли, ўзбек цирк санъатини дунёга танитиш мақсадида тинмай меҳнат қилаётган ёшларни хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга, анча йиллардан бери соҳада фаолият олиб бораётган ижодкорлар ва педагог ходимларни чет мамлакатларга малака оширишга юбориш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларида бир қатор таклиф-мулоҳазалар билдирилди ва вазифалар белгилаб олинди.
“Ўзбек давлат цирки" ва Республика эстрада ва цирк коллежининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий инновацион воситалар билан таъминлаш, илғор тажрибаларни татбиқ этиш муаммолари мавжудлиги айтиб ўтилди.
ЎзА