Чуст оши географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди
65-халқаро гуллар фестивали қизғин тарзда давом этаётган айни кунларда Наманган вилояти аҳли, хусусан, чустликларни мамнун этадиган хабар янгради. Адлия вазирлиги томонидан Чуст оши географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Юртимиздаги қадимий гўшалардан бири, ўзининг уч минг йиллик тарихига эга бўлган Чуст нафақат ҳунармандчилиги, балки ўзига хос палов тайёрлаш анъаналари билан ҳам шуҳрат қозонган. Бу жойда ош пишириш кўп асрлик тажриба, маҳорат ва миллий қадриятларни ўзида мужассам этган ошпазлик санъати ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, Чуст оши асосан очиқ ҳавода, баланд оловда, алюмин қозонларда тайёрланади. Таомнинг ўзига хос тўқ олтин-жигарранг ранги сунъий бўёқларсиз, суякли гўшт ва пиёзнинг баланд оловда қовурилиши натижасида ҳосил бўлади. Ҳудуднинг ўзига хос микроиқлими, шувоқ ва кийикўт билан боқилган қора қўчқор гўшти ҳамда Гавасой ва Косонсой ҳавзаларининг табиий юмшоқ булоқ суви Чуст ошининг бетакрор таъми ва сифатини таъминлайди.

– Чуст ошига жўғрофий кўрсаткич мақомининг берилиши унинг номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади, – дейди Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Дилмурод Аҳмедов. – Қолаверса, бу мақом маҳсулот сифатининг озиқ-овқат маҳсулотлари учун белгиланган давлат меъёрларига мувофиқлигини кафолатлайди ҳамда ҳудуднинг гастрономик брендини халқаро миқёсда тарғиб этиш имкониятларини кенгайтиради.


Дарҳақиқат, географик кўрсаткич маҳсулотнинг маълум бир ҳудудга мансублигини, унинг сифати, ўзига хос хусусиятлари ёки обрў-эътибори айнан шу ҳудуднинг табиий-иқлимий ҳамда ижтимоий-маданий омилларига боғлиқлигини тасдиқловчи интеллектуал мулк объектидир.
Бугунги кунда Чуст оши гастрономик туризмни ривожлантириш, маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ўзбек миллий маданиятини дунёга танитишда муҳим ўрин тутмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА