Чорвачилик куни эълон қилинди
Тошкент вилоятида ҳафтанинг ҳар жума куни чорвачилик куни, деб эълон қилинди.
Тошкент вилоятида ҳафтанинг ҳар жума куни чорвачилик куни, деб эълон қилинди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Чорвачилик - сермаҳсул соҳа. Бу соҳани ривожлантириш аҳолининг сут ва гўшт маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қондириш, даромадини ошириш, қолаверса, янги иш ўринларини яратиши мумкин. Шунинг учун мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси Рустам Холматов раҳбарлигида ўтказилган йиғилиш ҳам айни шу соҳадаги долзарб вазифаларга бағишланди.Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда вилоят раҳбари туманларда қорамолчилик йўналишида олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмаслигини таъкидлади.
Бугунги кунга Тошкент вилоятидаги барча тоифадаги хўжаликларда қорамоллар бош сони - 887 минг 760 бошни, шу жумладан, 670 та чорвачилик субъектида 113 минг 570 бош, аҳоли ва деҳқон хўжаликларида 774 минг 190 бошни ташкил этади.
Вилоятда жами 670 та чорвачилик субъекти, шу жумладан, сутчилик йўналишида 574 та ва гўшт йўналишида 96 та субъект фаолият юритмоқда. Ушбу субъектларга 30 минг гектар озуқа майдони ажратилган. Мазкур майдонларнинг 12 минг 120 гектарига беда, 16 минг 527 гектарига маккажўхори ва 1 минг 387 гектарига хашаки лавлаги экилган.
Барча тоифадаги хўжаликларда бугунги кун ҳолатига гўшт ишлаб чиқариш 226 минг 280 тонна, шундан чорвачилик субъектларида 27 минг 153 тонна, аҳоли ва деҳқон хўжаликларида 199 минг 127 тоннани ташкил этади. Йил якунига қадар барча тоифадаги хўжаликларда жами 274 минг 280 тонна гўшт ишлаб чиқариш кутилмоқда.
Маълумки, чорвачиликда сифат ва маҳсулдорликка эришишда озуқа билан таъминлаш муҳим ўрин тутади. Йиғилишда мавжуд қорамолчилик йўналишидаги субъектларга озуқа учун ажратилган экин майдонларидан унумли фойдаланиш, ҳосилдорлиги юқори бўлган уруғ навларидан экиб, юқори ҳосил олишни йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди.
Жараёнда озуқа экин уруғликларини етиштириш ва арзон нархларда етказиб бериш, йил якунига қадар чорвачилик субъектларига ажратилган озуқа майдонларини чорва салмоғига нисбати амалдаги меъёрларга мутаносиблиги бундан буён қатъий назоратга олиниши белгиланди.