Чортоқ экошаҳарга айланади
Розанна Нитти бошчилигидаги Жаҳон банки делегацияси Наманганга ташриф буюрди.
Розанна Нитти бошчилигидаги Жаҳон банки делегацияси Наманганга ташриф буюрди.
Расмий меҳмонларни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қабул қилди. Учрашувда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасига киритилган Чортоқ шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг лойиҳани амалга ошириш гуруҳи раҳбари Жамшид Фаёзов, Жаҳон банкининг шаҳарсозлик бўйича катта мутахассиси Силпа Каза, меъморий ечимлар бўйича масъул Пабло Ваджоне ҳамда бошқа бир гуруҳ мутахассислар билан бўлган мулоқотда дастлабки хомаки лойиҳани мукаммалтириш, лойиҳадан ўрин олиши кўзда тутилган объектлар, Жаҳон банки лойиҳа гуруҳи томонидан билдирилаётган таклифларни маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиқиб умумий концепцияга мослаштириш бўйича фикр алмашилди. Чортоқнинг бош режаси бугунги кунда режалаштирилаётган туманни тиббиёт ва сиҳатгоҳлар туризми ривожланган экологик тоза ҳудудга айлантириш учун керакли барча жиҳатларни ўз ичига олиши лозимлиги борасида ҳам келишиб олинди.

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг 100 миллион доллар кредити ҳамда Ўзбекистоннинг 24,1 миллион долларлик улуши билан ҳаётга татбиқ этилаётган ушбу лойиҳанинг тажриба-синов шаҳарлари сифатида Янгийўл (Тошкент вилояти), Когон (Бухоро вилояти) ва Чортоқ белгиланган. 2019-2021 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар натижасида Чортоқ замонавий инфратузилмага эга обод экошаҳарга айланиши кўзда тутилган.


