“Чистон” – миллийликка йўғрилган спектакль
Театр санъатида юксак маҳорат ҳақида гап кетганда бадиий жиҳатдан пишиқ ва пухта, томошабинни ларзага ва ҳайратга сола оладиган, шу билан бирга, ўйлашга ва чуқур фикрлашга ундай оладиган асарлар яратадиган шахслар ёдга олинади.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қошидаги Маънавият ва маърифат марказида “Турон” ҳарбий театри фаолият юритиб келмоқда. Унинг бош директори ва режиссёри Сайфиддин Мелиев мана бир неча йиллардан буён “Ўлан”, “Қирқ кокилли келинчак”, “Тумор” каби спектаклларни саҳналаштирди. Режиссёрнинг навбатдаги рамзларга ва ўзига хос юморларга бой спектакли “Чистон” бўлди.

Арман ёзувчиси Наринэ Абгарян асари асосида саҳналаштирилган ушбу спектакль муваффақиятли чиқди. Унда Жаҳон отин Увайсийнинг чистон тўртликларидан фойдаланилган.
Сайфиддин Мелиев ҳаётий воқеаларни рамзларга қуради, унинг саҳна асарларида реквизитлар, барча деталлар миллийликка йўғрилган. Режиссёр ўз қарашлари билан ўзбекона турмуш, ҳокисор тақдирлар, оддий ва содда инсонларнинг соф туйғуларини томошабинга ўзига хос ракурсларда кўрсатади.
“Чистон” спектаклида театр ижодкорлари аёллар туйғуларининг нозик жиҳатларини ўзига хос тарзда ифодалашга ҳаракат қилгани билан аҳамиятли. Шоҳи сўзаналар, миллий либослар, гиламлар ва нақшинкор рўмоллар худди ўзбекнинг қалбига ва руҳиятига чўкиб кетган ўзлиги, ўз қарашлари ва моҳиятини кўрсатиб туради.

– Мана бир неча йиллардан буён жамоа билан тинмай меҳнат қилиб келмоқдамиз, – дейди режиссёр Сайфиддин Мелиев. – Театрни севадиган, унга жонини беришга ҳам тайёр бўлган инсон учун иш жараёнида жой ва маконнинг фарқи йўқ. Масалан, мен битта дарахтнинг тагида ҳам спектакль яратишга ўрганиб қолганман. Мен учун энг муҳими қайноқ ижод, янги асарлар ва томошабинларни меҳри.
Спектаклда Илмира Раҳимжонова, Гулхумор Абдуллаева, Нафиса Тошматова, Феруза Саидова, Жўрабек Орзиев каби санъаткорлар ўзига хос ролларни ижро этган.
Н.Усмонова, ЎзА