Чиқиш туризми: янги таклифлар нимани ўзгартиради?
Ижтимоий тармоқларда чиқиш туризми ва соҳада жорий этилиши таклиф этилаётган янги тартиб-қоидалар юзасидан турли талқинлар тарқалаётгани туфайли Туризм қўмитаси томонидан қуйидаги маълумотлар тақдим этилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда аҳоли фаровонлиги ошиб бораётгани ҳисобига фуқароларнинг хорижга саёҳатлари ҳам кўпайган. Жумладан, 2025 йилда 8 миллион нафардан ортиқ юртдошимиз чет элга саёҳат қилган. Бу эса хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларда уларни эвакуация қилиш ва Ватанга қайтариш бўйича самарали механизмларни яратишни долзарб вазифага айлантирган.
Туризм қўмитаси маълумотига кўра, амалдаги қонунчиликка мувофиқ туроператорлар лицензия асосида, турагентлар эса хабардор қилиш тартибида фаолият юритади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда турагентлар орқали кафолатларсиз саёҳатга чиққан фуқаролар хорижда мураккаб вазиятларга дуч келмоқда.
Шу муносабат билан “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий мамлакатлардаги саёҳатларини тартибга солиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Лойиҳа Буюк Британия, Германия, Япония, Дания, Россия Федерацияси, Беларусь ва Қозоғистон каби давлатларнинг илғор тажрибаси асосида ишлаб чиқилган.
Ҳужжат лойиҳасида “Хавфсиз туризм” жамғармасини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, туроператорлар томонидан шакллантириладиган 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ фавқулодда ҳолатлар оқибатида жабр кўрган фуқароларга етказилган зарарни қоплаш, уларни хориждан эвакуация қилиш ҳамда шу билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Шунингдек, мақсадли йиғимлар ҳисобидан шаклланган захира маблағлари белгиланган меъёрдан ошган тақдирда, улар қонунчиликда белгиланган тартибда кафолатли равишда қайтарилиши назарда тутилган.
Таъкидланишича, қарор лойиҳаси жорий йилнинг 5 июнь ва 6 июль кунлари Туризм қўмитасида маҳаллий ва хорижий туризм соҳаси вакиллари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотлар давомида муҳокама қилиниб, келиб тушган таклифлар асосида такомиллаштирилган. Айни пайтда ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида бўлиб, туризм соҳаси вакиллари, тадбиркорлар ҳамда экспертлар томонидан билдирилаётган барча конструктив таклифлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиши маълум қилинди.
Туризм қўмитаси фуқароларни қарор лойиҳаси мазмунини фақат расмий манбалар орқали холис баҳолашга ҳамда жамоатчилик муҳокамаларида фаол иштирок этишга чақирди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА