Чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 6,5 фоизни ташкил этган
Бугун экологик масалалар энг долзарблашиб бораётган муаммолардандир. Шу боис, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети харажатларида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишига алоҳида эътибор қаратилган. Биргина “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 104 гектар майдонда “яшил боғлар” барпо этилиб, 183 минг дона кўчат экилган. Шунингдек, 21,7 минг гектар майдонда дарахт ва буталарни касаллик ҳамда зараркунандалардан ҳимоя қилиш тадбирлари амалга оширилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида айтиб ўтилди. Унда депутатлар Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда унинг тизим ташкилотларини сақлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари учун республика бюджетидан маблағлар ажратилиши таъминланган. Мазкур маблағларнинг 274 миллиард сўми янги ташкил этилган Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадли жамғармасига йўналтирилган бўлиб, унинг ҳисобидан ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар давлат кадастрларини юритиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Қайд этилганидек, чўлланиш ва қум кўчишининг олдини олиш мақсадида ҳисобот даврида 1 минг 7 гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган. Ўрмон хўжаликлари томонидан 8,6 миллион дона кўчат етиштирилган.

Муҳокамаларда фракция аъзолари давлат бюджети харажатларини “яшил” бюджетлаштириш тамойиллари асосида баҳолаш натижаларига ҳам эътибор қаратдилар. Ҳисоботга кўра, 2026 йил биринчи ярим йиллигида жами 205,6 триллион сўмлик бюджет харажатлари ушбу тамойиллар асосида таснифланган. Шундан 10,2 фоизи атроф-муҳит мақсадларига ижобий таъсир кўрсатувчи “А” тоифага, 3,7 фоизи ижобий ва салбий таъсирлар уйғунлигига эга “Б” тоифага киритилган. Атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи “C” тоифа харажатлари 0,04 фоизни ташкил этган.
Ҳисобот даврида аҳолининг маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати билан қамраб олинганлик даражаси 64 фоизни, чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси эса 6,5 фоизни ташкил этган. Йил якунига қадар чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини кенгайтириш, полигонларни рекултивация қилиш ҳамда чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириш белгиланган.
М.Комилова, ЎзА