Чиқинди полигони фаолияти ўрганилди
Чиқинди билан боғлиқ муаммолар экология соҳасидаги энг долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Шу боис ҳам юртимизда чиқинди масалаларини тартибга солиш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга алоҳида аҳамият қаратиб келинади.
Бу борада «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам бир қатор мақсад ва вазифалар белгиланган. Жумладан, маиший чиқинди полигонларини камида 50 фоизга қисқартириш, маиший чиқинди йиғиш шохобчаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, чиқиндиларни турларига қараб саралашни йўлга қўйиш, пластик чиқиндиларни қабул қилувчи махсус жойлар ва ускуналарни ўрнатиш орқали йиғиб олиш ва утилизация қилиш, ижтимоий соҳа объектларини чиқинди контейнерлари билан таъминлаш каби бир қатор вазифалар ўз аксини топган.

Таъкидлаш жоизки, бу каби мақсад-вазифалар мамлакатимизда чиқинди билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, соҳани тартибга солишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ҳам бу йўналишдаги устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экологик партия фракцияси аъзоси Моҳира Хўжаева партия вакиллари ва халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутатлари ҳамда вилоят “Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси” раҳбари билан биргаликда Паркент тумани “Қирғизовул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги чиқинди полигонини ўрганди.

Ушбу полигон 2024 йилда фойдаланишга туширилган бўлиб, умумий ер майдони 10 гектарни ташкил қилади. Полигонда барча ишлар тўлиқ ташкиллаштирилган, қуёш панеллари ўрнатилган. Ҳозирда ушбу полигон замонавий технологиялар асосида жиҳозланмоқда. Ҳудудда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари экилган ва суғориш тизими йўлга қўйилган.
Ўрганишларда чиқинди полигони фаолиятини янада такомиллаштириш, экологик талабларга қатъий эътибор қаратиш бўйича бир қатор кўрсатма ва таклифлар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА