Чингиз Айтматов турк дунёсининг суюкли фарзанди
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Туркий Давлатлар доирасида ташкил этилган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот соҳиби Чингиз Айтматов таваллудининг 94 йиллигига бағишланган «Чингиз Айтматов турк дунёсининг суюкли фарзанди» мавзусидаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, адабиёт мухлислари иштирок этди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Иномжон Мажидов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар миллий адабиётимизда кечаётган бугунги ибратли жараёнлар, ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик хусусида батафсил сўз юритдилар.
Анжуманда таъкидланганидек, устоз адиб Чингиз Айтматовнинг «Жамила», «Сарвқомат дилбарим», «Бўтакўз», «Биринчи муаллим», «Бўтакўз», «Сомон йўли», «Алвидо, Гулсари», «Оқ кема», «Соҳил ёқалаб чопаётган олапар» ва бошқа асарлари ўзбек китобхонлар га яхши таниш. Шу билан бирга «Асрга татигулик кун», «Қиёмат», «Кассандра тамғаси» каби асарларида наинки бир халқ, балки бутун башариятга тааллуқли долзарб масалалар бош мавзу сифатида кўтарилган.

Чингиз Айтматов ўзбек адабиёти, умуман халқимиз ҳаёти, маънавиятига бефарқ бўлмаган адиб сифатида ҳам ўзбекистонликлар қалбидан чуқур жой олган ижодкор эди. Ёзувчининг қарийб ҳамма асари ўзбек тилида нашр этилган.
Анжуманда Чингиз Айтматовнинг асарлари, уларда илгари сурилган инсонпарвар ғоялар, адиб ижодининг бугунги кундаги аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА