Чингиз Айтматов тинчлик ва дўстлик элчиси
Андижон давлат педагогика институтида “Чингиз Айтматов – тинчлик ва дўстлик элчиси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Ўш давлат университети, Ўш давлат қирғиз-ўзбек халқаро университети, Жалолобод давлат университети профессор-ўқитувчиларидан иборат қирғизистонлик меҳмонлар иштирок этди.
Таниқли адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз халқининг улуғ ёзувчиси, балки XX аср жаҳон адабиётининг йирик намояндаларидан бири ҳисобланади. Адиб кўплаб халқаро мукофотлар соҳиби, қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” (1995), “Буюк хизматлари учун” (1998) орденлари билан тақдирланган.
Анжуман иштирокчилари дастлаб, институт биносида Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодига бағишлаб ташкил этилган фото ва китоблар, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари билан танишди. Тадбирнинг очилиш маросимида Андижон давлат педагогика институти ректори Бахтиёржон Расулов, Ўш давлат университети қирғиз филологияси ва журналистика факультети декани Нурмамат Турганбоев, Андижон вилояти Қирғиз миллий-маданий маркази раҳбари Обиджон Носиров ва бошқалар улуғ адиб Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тадқиқ этиш, анжуманнинг илмий аҳамияти, икки қўшни халқ ўртасидаги қўшничилик, адабий, илмий алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар, мамлакатимиздаги миллатлараро дўстлик хусусида гапирди.
[gallery-9945]
Анжуманда улуғ адиб ижодий меросининг аҳамияти, асарларида тараннум этилган юксак инсоний фазилатлар, адибнинг йирик жамоат арбоби сифатидаги фаолияти, турли халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қўшган беқиёс хизматлари ҳақида сўз юритилди. Хусусан, адабиётшунослар томонидан “Чингиз Айтматов асарларида халқлар дўстлиги”, “Чингиз Айтматов ижодининг жаҳон адабиёти ривожидаги ўрни”, “Чингиз Айтматов асарларида табиат манзаралари ва инсон руҳиятининг чизгилари”, “Чингиз Айтматов ижодида фольклордан фойдаланиш санъати” сингари қатор мавзуларда қизиқарли маърузалар ўқилди.
– Чингиз Айтматов ижоди, унинг бетакрор асарлари жаҳон адабиётининг энг сара намуналари ҳисобланади, – дейди Андижон давлат педагогика институти рус тили ва адабиёти кафедраси мудири Маҳбубахон Темирова. – Шу боис ҳам адибнинг кўплаб асарлари жаҳоннинг қатор тилларига, жумладан, ўзбек тилига таржима қилинган ва ўзбек халқи томонидан севиб ўқилади. Адибнинг асарлари халқчилиги, ўқилишининг равонлиги, китобхонни мушоҳадага чорлаши билан ҳам аҳамиятлидир.
Юртимизда, адиб ижоди, ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, Президентимиз қарори билан 2018 йилда Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланди, ўзбек тилига таржима қилинган қатор асарлар қайта чоп этилди. Мазкур ишлар жаҳонга машҳур ёзувчининг шахси, унинг ижодий мероси билан бир қаторда, қирғиз халқига бўлган ҳурмат намунасидир. Айни кунда институтнинг рус тили ва адабиёти факультети қирғиз тили йўналишида таҳсил олаётган талабалар томонидан Чингиз Айтматовнинг тарбия, инсон руҳияти, миллатлараро дўстлик, севги муҳаббатни тараннум этувчи “Оқ кема”, “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим” сингари қатор асарларини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
– Адабиёт инсон маънавий дунёси, тафаккурини бойитишда чегара билмас восита эканлигига Чингиз Айтматов ижоди орқали амин бўламиз, – дейди Ўш давлат Қирғиз-ўзбек халқаро университети қирғиз филологияси кафедраси мудири Бактигул Исмоилова. – Қолавера, улуғ адиб ижодига бағишланган бу каби тадбирлар туфайли халқларимиз бир-бири билан янада яқинлашмоқда. Мен Ўзбекистонда Чингиз Айтматов ижодига қизиқиш ўта юқори эканлиги, унинг асарлари кўп ўқилишига, энг асосийси, Андижонда қирғиз тилида ўқитиладиган мактаблар фаолият кўрсатаётганлигидан, олий ўқув юртларида эса қирғиз тили бўйича олий маълумотли мутахассислар тайёрланаётганидан жуда қувондим. Бу қирғиз тилига, шу юртда яшаётган қирғиз миллати вакилларга кўрсатилаётган эътиборнинг амалдаги намунасидир.
Анжуманда институт талабаларининг адиб ижоди ҳақидаги ўзбек ва қирғиз тилларидаги чиқишлари, Чингиз Айтматов асарлари асосида намойиш этилган саҳна кўринишлари барчада катта таассурот қолдирди. Якунда анжуманнинг бир гуруҳ фаол иштирокчиларига сертификатлар топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА