Чин ижодкорлар мухлислар қалбида мангу қолади
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабиёт мухлисларини яна бир карра ўз бағрига жамлади. Бу галги учрашув оддий тадбир эмас, балки ўзининг қисқа, аммо мазмунли умрини сўз санъатига, болалар қалбига ёруғлик улашишга бағишлаган истеъдодли ижодкор — Ҳошимжон Мирзааҳмедов, адабиёт аҳли орасида Мирза Ҳошим номи билан танилган шоир хотирасига бағишланди.
Тадбирга йиғилган унинг яқинлари, ҳамкасблари, дўстлари, устоз-шогирдлари ва адабиёт ихлосмандларининг нигоҳида соғинч, ҳар бир сўзида эса ҳурмат ва эҳтиром сезилиб турарди. Чунки бу инсон оддий шоир эмас, балки болалар қалбининг нозик жиҳатларини англай олган, содда сатрлар ортига чуқур маъно яшира билган ижодкор эди.
Адабий кеча давомида шоирнинг ҳаёт йўли, ижодий мероси, инсоний фазилатлари ҳақидаги ёрқин хотиралар ёдга олинди. Унинг шеърларидан намуналар ўқилди — ўша содда, аммо юракка яқин сатрлар яна бир бор тингловчилар қалбини ларзага солди. Гўё шоирнинг ўзи ҳам шу ерда, шу даврада, шеърлари орқали яна қайтиб келгандек эди.
1963 йилда Наманган вилояти Чуст тумани Ғова қишлоғида туғилган Ҳошимжон Мирзааҳмедов болалигидан сўз санъатига меҳри баланд эди. Бу меҳр уни Ўзбекистон Миллий университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетига етаклади. Кейинчалик эса у “Ғунча” журнали таҳририятида, Республика радио ва телевидениесида фаолият юритиб, ўз истеъдодини янада сайқаллади.
[gallery-28964]
Ижодкорнинг 1994 йилда чоп этилган “Соғинч” номли шеърий тўплами ўқувчилар қалбидан ўрин олди. Аммо шоирнинг энг катта бойлиги — унинг самимийлиги, болаларча беғубор нигоҳи ва ҳаётга меҳр билан қарашида эди.
Тадбирнинг энг муҳим лаҳзаларидан бири — “Ҳаёт куйи” номли китоб тақдимоти бўлди. Ушбу тўплам шоирнинг энг сара шеърларини, унинг ижодий руҳини акс эттирувчи сатрларни ҳамда замондошлари, яқинлари ва ҳамкасбларининг самимий хотираларини ўзида мужассам этган. Бу китоб бир инсоннинг қалби, унинг ҳаётга, болаларга, сўзга бўлган муҳаббатининг ифодасидир.
Мазкур китоб “Адабиёт” нашриётида чоп этилган. Унга Вафо Файзуллоҳ муҳаррирлик қилган. Нашрга тўпловчи – таниқли адиба Маъмура Зоҳидова.
“Ҳаёт куйи”ни варақлаган китобхон нафақат шеър ўқийди, балки бир умрни, унинг қадр-қиммати, ҳар лаҳзасининг олтинга тенг эканини ҳис этади. Муаллифнинг самимий сатрларида соғинч бор, қувонч бор, болаликнинг беғубор нафаси ва ҳаётнинг аччиқ-ҳақиқатлари ҳам бор. Энг муҳими, унда шоирнинг юраги уриб туради.
Тадбир якунида йиғилганлар бир фикрда якдил бўлдилар – ҳақиқий ижодкор ҳеч қачон бу дунёни тарк этмайди. У ўз сўзларида, ёзган сатрларида, адабиёт мухлисларининг қалбларида яшайверади. Мирза Ҳошим ҳам ана шундай ижодкорлардан. Унинг овози шеърларида, унинг нафаси эса ўқувчилар қалбида ҳамон янграмоқда.
“Ҳаёт куйи” эса бу овозни яна узоқ йиллар давомида авлоддан-авлодга етказадиган маънавий кўприк бўлиб қолади.
Н.Усмонова, О.Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари