Чемпионлар аниқланди
Сирдарё вилоятида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида стритбол спорт тури бўйича вилоят босқичи мусобақалари ўтказилди. Гулистон шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг 4-тип спорт мажмуасида ташкил этилган беллашувларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилган саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган энг кучли жамоалар иштирок этди.
Мусобақалар 16–21 ҳамда 22–30 ёш тоифаларида ўғил болалар ва қизлар ўртасида ташкил этилди. Ҳар бир учрашув кескин рақобат, юқори суръат ва муросасиз курашларга бой кечиб, иштирокчилар жисмоний тайёргарлиги, техник маҳорати, жамоавий ўйин маданияти ҳамда ғалабага бўлган интилишларини намоён этишди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” нафақат иқтидорли спортчиларни аниқлаш, балки ҳудудларда оммавий спорт ҳаракатини янада ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-30538]
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунларига кўра, 16–21 ёш тоифасида ўғил болалар ўртасида Боёвут тумани, қизлар ўртасида эса Гулистон тумани жамоалари вилоят чемпионлигини қўлга киритди.
22–30 ёш тоифасида ўғил болалар ўртасида Гулистон тумани, қизлар ўртасида эса Сирдарё тумани жамоалари ғолиб деб топилди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Вилоят чемпионлигини қўлга киритган жамоалар эндиликда “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилади. Қизлар ўртасидаги республика мусобақалари Хоразм вилоятида, ўғил болалар ўртасидаги беллашувлар эса Сирдарё вилоятида ўтказилади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА