Чексиз имкониятлар марафони ўтказилди
Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларни оммавий равишда спортга жалб этиш, уларнинг соғлигини яхшилаш мақсадида «Чексиз имкониятлар марафони» ўтказилди.
Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон енгил атлетика федерация ҳамкорлигида «Биз биргамиз!» ижтимоий лойиҳаси доирасида ташкил этилган марафонда юзга яқин ногиронлиги бўлган шахслар иштирок этди.
Иштирокчилар рўйхати Ўзбекистон ногиронлар, кўзи ожизлар ва карлар жамиятлари томонидан тақдим этилган номзодлар ҳисобига шакллантирилган.

Ушбу марафон ШҲТ халқаро ярим марафони ва Тошкент «Наврўз» марафони билан бир вақтда ўтказилди.
Марафонда кўришда ва эшитишда нуқсони бор ҳамда бошқа турдаги жисмонан имконияти чекланган шахслар учун жами уч турдаги номинация бўйича иштирокчилар тақдирланди. Ҳар бир номинация бўйича биринчи, иккинчи, учинчи ўрин соҳиблари мукофотланди. Шунингдек, марафоннинг энг ёш ҳамда энг ёши улуғ иштирокчиси ҳам тақдирланди.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларининг барчасига алоҳида тадбир учун махсус тайёрланган эсдалик медаллари топширилади.
Тадбир давомида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг савдо ярмаркаси ташкил этилди.
ЎзА