Чекка маҳалладаги мактабга китоблар совға қилинди
“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида Шаҳрихон туманининг Қозиқўрғон маҳалласида жойлашган 58- умумтаълим мактабида “Жонажон мактабимга китоб совға қиламан” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Андижон машинасозлик институтининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Акмалжон Эрматов, мактаб ўқитувчилари, “Ёш китобхон” танлови республика босқичи совриндори Умиджон Нўъмонов, талаба ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.

– Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Андижон машинасозлик институти Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Акмалжон Эрматов. – Жумладан, “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасидаги тарғибот тадбирлари ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга, айниқса, ёшларнинг китоб ўқишга қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўқувчи ёшлар билан учрашувда китобнинг жамият тараққиёти, инсон камолотидаги ўрни ва роли муҳим эканлиги қайд этилди. Шунингдек, ўзбек ва жаҳон адабиёти намоёндаларининг сара асарлари хусусида фикр, мулоҳазалар билдирилди, савол-жавоблар бўлди.
Тадбирда Андижон машинасозлик институти “Ниҳол” талабалар студияси томонидан ижодкор Эркин Хушвақтнинг “Қирмизи олма” асари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш этилди.

Шундан сўнг Андижон машинасозлик институти биринчи проректори Акмалжон Эрматов мактаб кутубхонасига юздан ортиқ китоб совға қилди. Ёшлар иттифоқи институт бошланғич ташкилоти томонидан аълочи, ташаббускор, тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқувчилар бадиий китоблар билан тақдирланди.
– Биз ўқувчилар ушбу тадбирдан улкан маънавий озуқа олдик, – дейди мактабнинг 8-синф ўқувчиси Дилафруз Абдунабиева. – Қолаверса, китобнинг келажак ҳаётимиз, камолотимиздаги аҳамияти ҳақида кенг маълумотларга эга бўлдик. Шахсан мен китоб ўқишга қизиқаман, кўп китоб ўқийман. Энди тенгдошларим ўртасида китобхонликни тарғиб этишга, китобхон ёшлар сафини кенгайтириш ишига ҳам ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қиламан.
Институт, маҳалла, мактаб ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар уч ойда бир марта мактаб кутубхонасига совға қилинган китоблардан энг кўп ўқиган китобхон ўқувчиларга Қозиқўрғон маҳалласидаги Эрматовлар оиласи томонидан таъсис этилган стипендия бериладиган бўлди.
Ф.Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.