Чегарасиз ҳаёт фалсафаси
Тошкентда "Синергия" университети минтақавий бўлинмаси ва "Российский новый университет" автоном олий таълим нотижорат муассасасининг (РосНОУ) Ўзбекистондаги филиали анжумани бўлиб ўтди.
Тошкентда "Синергия" университети минтақавий бўлинмаси ва "Российский новый университет" автоном олий таълим нотижорат муассасасининг (РосНОУ) Ўзбекистондаги филиали анжумани бўлиб ўтди.
Уна мазкур муассасаларнинг Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳалари ва ўқув режалари ҳақида маълумот берилди. Бизнес-мураббийлар тадбиркорлик фаолиятининг замонавий йўналишлари ҳақида сўз юритди.
Рақобат муҳити жиддийлашгани сари замонавий бизнесга, истиқболли ғояга эга бўлиш, ўз фаолияти доирасини яхши билишгина кифоя қилмайди. Чунки бу хислатлар барча ишлаб чиқарувчиларда бўлиши табиий, албатта. Ягона йўл бизнеснинг истиқболли йўналишларини ишга солиш.
Шу маънода анжуманда товар ва хизматларни сотиш назарияси ва амалиётига замонавий ёндашувлар, мижозлар билан мулоқот олиб бориш стратегияси, ижтимоий тармоқларда мустақил бизнесни яратиш усуллари ва тадбиркорларда етакчилик қобилиятини ривожлантириш тўғрисида маърузалар тақдим этилди.
Жаҳонга таниқли бизнесмен, ёзувчи ва нотиқ Ник Вуйчич фикрлаш доираси стереотиплари, тўсиқ ва чегараларни енгиб ўтишдаги ўз тажрибасини айтиб берди. У болалигида жуда кам учрайдиган генетик касалликка чалинган, шунга қарамай сузишни, скейтда, серфинг тахтасида учишни ўрганиб олган, компьютерда ишлашни яхши билган ва бутун жаҳонга машҳур бестселлер асар – "Чегарасиз ҳаёт"ни ("Жизнь без границ") ёзган. Бу асар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, қалбларни ларзага солади ва кишини имконсиздек туюлган ишларни уддалашга чорлайди, яъни кучли шижоат бахш этади.
Ник Вуйчич айтишича, аксарият иш берувчилар имконияти чекланган кишиларни ишга олишни истамайди. Шунинг учун, имконият чекланганлар кўп ҳолларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллангани маъқул. Ҳаётда кўп нарса, хусусан, узоқ кутилган мўъжизанинг содир бўлмаётгани ҳам кишига катта жасорат бахш этиши, ўз бахти, мақсад ва муҳаббати сари ҳаракат қилиши учун мотивация бўлиши мумкин.
Тадбир қатнашчилари ана шу интилиш ҳиссини туйди, бизнес соҳасида янги билимларга эга бўлди. Шунингдек, иқтидорли болалар ижросидаги шоу-дастурдан завқланди.