Чавандозларимизнинг Москвадаги муваффақияти
Россиянинг Москва шаҳридаги “Махима стаблес” от спорти клубида конкур бўйича ўтказилган халқаро турнирда юртимиз чавандозлари муваффақиятли қатнашди.
Мусобақада ёш спортчимиз Бобуржон Валижонов “Ладй” лақабли отида 100 сантиметр баландликдаги тўсиқлар йўналишида ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритди.
Ушбу йўналишда кумуш ва бронза медаллари “Ламарк” ва “Луидор” номли отларда иштирок этган Россия спортчиси Артур Фокага насиб этди.

Аҳамиятлиси, Бобур Валижонов 110 сантиметр баландликдаги тўсиқлар дастурида ҳам биринчи ўринга сазовор бўлди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир аъзоси Умид Комилов турнирнинг Евросиё лигаси жаҳон кубоги финалида 150 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан ўтиш дастурида “Нумберо Уно Рафаел” лақабли отда олтин медални қўлга киритди.
Т. Рўзиев, ЎзА