Чавандозларимиз нуфузли турнирда ғалаба қозонди
Россиянинг Москва вилоятидаги «Horseka» от спорти клубида конкур бўйича «Horseka Derby» ва «Horseka cup» мусобақаси ўтказилиб, унда ўзбек чавандозлари шоҳсупага кўтарилди.
Хуршидбек Олимжонов «Horseka Derby» мусобақасида 140 см. баландликдаги тўсиқлар оша от сакратишда масофани 75,86 сонияда хатосиз босиб ўтиб, ғолиб бўлди.

«Horseka cup»нинг 3-босқичида 105 см. баландликдаги тўсиқлардан от сакратишда Бобуржон Валижонов кумуш медалга сазовор бўлди. У ушбу натижани “Самира” лақабли тулпори билан қўлга киритди.

Мусобақанинг «Speed Derby» йўналишида 130 см. баландликдаги тўсиқлар оша от сакратишда Оқилжон Собиржонов "Los Angeles Z" лақабли оти билан иккинчи, Хуршидбек Олимжонов эса “Leyman” номли оти билан учинчи поғонадан жой олди.

Маълумот ўрнида: «Horseka Derby» ва «Horseka cup» конкур баҳсларида Баҳромжон Ғозиев, Ёрмуҳаммад Фозилхўжаев, Бекзод Рўзимуҳаммедов, Бекзод Эргашев, Бекзод Қурбонов, Аъзам Толиббоев ва Умид Камолов каби чавандозларимиз ҳам иштирок этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА