Чарм маҳсулотлари экспорти кенгаяди
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси томонидан чарм-пойабзал тармоғида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси томонидан чарм-пойабзал тармоғида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.Мамлакатимизда тери хомашёсини тайёрлаш ва уни қайта ишлаш, рақобатбардош пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, соҳа корхоналарига инвестицияларни кенг жалб қилиш, илғор технологияларни жорий этиш, корхоналарни техник қайта жиҳозлаш ва модернизациялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2000 йил 23 февралдаги “Республика иқтисодиётининг чарм-пойабзал тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси томонидан бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
– Соҳадаги изчил ислоҳотлар натижасида ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда, – дейди уюшма бошқаруви раисининг ўринбосари Ш.Шералиев. – Хусусан, 2015 йилнинг биринчи чорагида ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 118 фоизни ташкил этиб, 90 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти, 29 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилди.
Аҳолининг сифатли чарм-пойабзал маҳсулотларига бўлган талабидан келиб чиқиб, тармоқ корхоналарида импорт ўрнини босадиган товарлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда 60 турдаги чарм-атторлик буюми ва 150 турдаги пойабзал ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Экспортда хомашё ҳажми қисқариб, тайёр маҳсулотлар улуши ортиб бораётир. Ўтган йили Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Россия ва Қозоғистонга 79,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлиб, унинг салмоқли қисмини пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари ташкил этган.
2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, корхоналарга чет эл инвесторларини жалб қилиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш, янги корхоналар ташкил этишга қаратилган ҳудудий дастур ишлаб чиқилди. Дастурда 62 лойиҳани амалга ошириш белгиланган бўлиб, шунинг 32 таси бўйича янги корхона ташкил этиш кўзда тутилган.
Наманган вилоятида йилига 400 минг жуфт пойабзал, Фарғона вилоятида 1,4 миллиард сўмлик чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга корхоналарни ишга тушириш мўлжалланган. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши йилига 200 минг долларлик тайёр маҳсулотни хорижга экспорт қилиш имконини беради.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.