Чаққон ва моҳирлар ғалаба қозонади
Яшил майдондаги ҳар бир ғалаба тасодиф эмас. Унинг ортида мунтазам машғулот, мураббийнинг пухта режаси, ёш спортчининг интизоми ва маҳоратга бўлган чанқоқлиги мужассам.
Шу маънода Сирдарё вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳининг Янгиер шаҳар спорт мактабида ўтказган ўрганишлари футбол ва бошқа спорт турларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Ўрганиш жараёнида спорт мактабида фаолият олиб бораётган тренерларнинг машғулотларни ташкил этиш даражаси, ўқув-машғулот режаларининг амалиётдаги ижроси, ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, шунингдек, спортчиларнинг интизоми ва хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши ҳолатлари атрофлича таҳлил қилинди. Ишчи гуруҳ аъзолари машғулотлар жараёнини бевосита кузатиб, мураббийлар билан суҳбатлар ўтказишди.

Шунингдек, спорт мактабида мавжуд моддий-техник база, спорт анжомларининг ҳолати, спорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳам кўздан кечирилди. Айниқса, футбол билан шуғулланаётган ёшларда чаққонлик, тезкор фикрлаш ва жамоавий ўйин маданиятини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур жараёнларга муносабат билдирган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Сирдарё вилояти ижрочи директори Баҳодирхўжа Эшонов футболнинг ёшлар тарбиясидаги ўрнини алоҳида таъкидлади:

— Футбол — бу фақат ўйин эмас, балки сабр, интизом ва жамоавий тафаккур мактабидир. Ёшлар спорт мактабларида тўғри тизим асосида тарбияланса, улардан келажакда нафақат маҳоратли футболчилар, балки жисмонан бақувват, маънан етук авлод вояга етади. Ҳар бир машғулот эртанги ғалабаларга қўйилган қадамдир.
Ўрганиш якунида ишчи гуруҳ томонидан машғулотлар сифатини янада ошириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, иқтидорли ёшларни спортга кенг жалб этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, тренерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда спортчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидлаш жоизки, бундай изчил ўрганишлар Сирдарё вилоятида футбол ва оммавий спортни ривожлантириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда келажак чемпионларини тарбиялашга хизмат қилади. Зеро, яшил майдонда ғалаба тасодиф эмас, у чаққонлик, маҳорат ва тинимсиз меҳнат самарасидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири