Чўл ҳудудида бунёд этилган хазина
Бухоро вилоятида Президентимизнинг 2018 йил 13 ноябрдаги “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Президент ташрифидан сўнг
Бухоро вилоятида Президентимизнинг 2018 йил 13 ноябрдаги “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Айни кунда вилоятда парранда бош сони 4,760 миллион бошга етказилди. Бу кўрсаткич олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 103 фоизга кўпайган.
– Вилоятда 52 та паррандачилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, 940,7 гектар озуқа ер майдонлари ажратилган, – дейди “Ўзбекчорванасл” агентлиги вилоят ҳудудий “Чорванасл” маркази директори Носир Раҳматов. – Уларда 1 миллион 924 минг 600 бош парранда парвариш қилиниб келинмоқда. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг амалий кўмаги билан парранда сони кундан-кун ортиб бормоқда. Қўмита ходимлари бераётган тавсиялар асосида корхоналарда паррандалар парваришланмоқда.
Жорий йил давомида умумий қиймати 203.6 миллиард сўмга тенг 12 та йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда 249 та янги ишчи ўринларини яратиш режалаштирилган. Умумий қиймати 55.2 миллиард сўмга тенг 7 та лойиҳани амалга оширилиши натижасида 186 та янги иш ўрни яратилган.
Бухоро туманидаги “Кластер Эмир парранда” МЧЖ томонидан умумий қиймати 3 миллион 800 минг сўмлик банк кредити ҳамда тенг ярмида тадбиркор ҳисобидан 240 минг бош паррандага мўлжалланган замонавий паррандачилик комплекси ташкил этилмоқда.
– Мазкур лойиҳа давлат раҳбарининг 2019 йил март ойида вилоятга ташрифи чоғида тақдимот қилинган эди, – дейди “Кластер Эмир парранда” МЧЖ раҳбари Улуғбек Улуғов. – Лойиҳа ва унда амалга ошириладиган ишларни Президентимиз қўллаб-қувватлади. Корхонамиз қурилиши учун 25 гектар чўл ҳудудидан ер ажратилди. Бугун мазкур лойиҳани биринчи қисми ишга тушди.
Россия давлатидан олиб келинган замонавий техникалар билан жиҳозланган 4 та паррандачилик фабрикаси қурилди. Айни кунда биринчи фабрикани ишга туширдик. Бу ерда жорий йилнинг август ойида 50 минг Бройлер йўналишидаги жўжа келтириб боқилмоқда. Корхонамизда Туркия давлатидан 1 миллион 120 минг АҚШ долларида олиб келинган омухта ем ишлаб чиқарадиган цех яқин кунларда фойдаланишга топширилади.
Цех соатига 10 тонна омухта ем ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Яна товуқларни сўйиш технологиялари ўрнатилмоқда. Хитой давлатидан 1000 тонна товуқни музлатадиган музлатгичлар олиб келинди. Режалар кўп. Уларни амалга ошириш учун тинмай меҳнат қиляпмиз. Сўйилган товуқдан чиқадиган яъни товуқ патлари, ичак-човоғи, оёқлари, умуман чиқиндиларидан омухта ем тайёрланадиган цехни ҳам ишга тушириш мақсадидамиз.
Барча цехларимиз ишга тушиши билан 150 та иш ўрни яратилади. Корхонамизга 60 гектар экин ери, 370 гектар лалми ерлар ажратилган. Ажратилган ерларда паррандалар учун озуқа маҳсулотлари экиш ишлари учун ерлар тайёрланмоқда. Паррандадан чиққан гўнг компос усулида тайёрланиб, экин ерларига озуқа сифатида берилмоқда. Парранда шундай жонзотки, ундан чиқадиган чиинди ҳам жуда фойдали ҳисобланади. Шунинг учун парранда етти хазинанинг бири ҳисобланади.
– Фабрика ишга тушишини эшитиб, мурожаат қилдим, – дейди Кунжи Қалъа маҳалла фуқаролар йиғини Қумрабод қишлоғида яшовчи 27 ёшли фуқаро Фаррух Имомов. – Авваллари Россия давлатига қатнардим. Пандемия сабаб бора олмадим. Рўзғоримга фойдам тегиши учун мазкур корхонага ишга кирдим. Энди бошқа давлатларга бориб ишламайман. Шу корхонада ишлаб 2 нафар фарзандимни тарбиялашим керак. Бир ойда 10 кун ишлайман 20 кун уйда томорқа, мол, паррандаларимга қарайман. 700-800 минг сўм ойлик оламан. Аёлим ҳам ишлайди. Рўзғоримда камчилигим йўқ. Меҳнат қилиб ҳаммасига эришса бўлади.
– Жорий йилда Самарқанд ветеринария медицина институтини битирдим, – дейди Новметан маҳалла фуқаролар йиғини Сатторобод қишлоғида яшовчи Рўзи Ражабов. – Қаерда ишлайман деган савол мени ҳамма вақт қийнарди. Ҳудудимизда паррандачиликка ихтисослаштирилган йирик корхона фаолият бошлаганини эшитиб ишга келдим. Ҳозир ветеринарга шогирдликка тушганман.
Товуқларнинг соғлиғи учун жавобгар ҳисобланаман. Айни пайтда битта паррандачилик фабрикасидаги 50 минг бошли товуқларни парваришлаяпман. Ҳар ойнинг бошида 2,5 миллион сўм ойлик оляпман. Агар қолган 3 та паррандачилик фабрикаси ҳам ишга тушса маошим яна кўтарилади. Шукурлар бўлсин мен ўз касбим бўйича меҳнат қилиб, ўз юртимда пул топяпман. Курсдошларимнинг айримлари ҳали ҳатто ишга ҳам кирмаган. Мен касбимдан фахрланаман.



