Cабзи нархи нега кескин ошиб кетди?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик ахборот хизмати раҳбари Нигора Хўжаева сабзи нархининг ошиб кетишига изоҳ берди.
— Хабарингиз бор, жорий йилнинг апрель-май ойларида сабзининг бозорлардаги ўртача нархи 2000-2500 сўмни ташкил этган, – деди Н.Хўжаева. – Аммо ҳозирги пайтда сабзининг нархи кескин ошиши кузатилмоқда. Жорий йилнинг эртаки муддатлари, яъни февраль-март ойларида фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг асосий майдонларида 15,2 минг гектар, аҳоли томорқасида эса 18,4 минг гектар сабзи экилган.
Жорий йил февраль ва апрель ойларида ҳавонинг кескин совиб кетиши кузатилди. Айнан шу сабабли эртаки муддатда экилган сабзининг пишиши 20-25 кунга узайди. Шу боис сабзининг мавсумий тўлиқ етилиш ва йиғиштириб олиш муддати июнь ойининг охирига тўғри келмоқда.
Айни пайтда вазирлик тегишли мутасаддилар билан биргаликда маҳсулотни қисқа муддатда даладан йиғиштириб олиш ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий деҳқон бозорларига ўз вақтида етказиб бериш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқди.
Қайд этиш керакки, айни пайтда фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ғалладан бўшаган 40,5 минг гектар майдонларга сабзи экиш режалаштирилган. Деҳқонларимиз томонидан тўқсонбости усулида сабзи экиш тизими яратилган, бу усулда экишнинг фойдаси эрта баҳорда арзон ва мўл сабзавотлар етиштириш имконини яратиш баробарида, кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари танқис бўлган пайтда витаминли маҳсулотлар билан ички бозор эҳтиёжини қоплайди, экспорт имкониятларини кенгайтириб, деҳқонларни бойитади.
Республика бўйича эртаки ҳосил учун 2020 йил кеч кузда тўқсонбости усулида 30,3 минг гектарга ёки ўтган йилга нисбатан 5,8 минг гектарга кўп сабзи экилган. Бу эса сабзини апрель ойидан бошлаб бозорга чиқариш, экспорт географиясини кенгайтириш ва ердан бир йилда уч марта маҳсулот етиштириш орқали самарали фойдаланиш имконини беради.
Республикада экспорт учун сабзининг истиқболли навлари, шунингдек, “Шантане 2461”, “Нантская 4”, “Курадо шантане Ғ1”, “Новая Курадо”, “Каскаде Ғ1”, “Карсон Ғ1” каби хорижий навлар ҳам экилиб келинмоқда.
Сўнгги йилларда сабзи етиштиришда инновацион ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш натижасида ҳосилдорлик 20-25 тоннадан 30-40 тоннагача оширилишига эришилди. Бу эса ўз навбатда, 1 килограмм сабзи етиштириш таннархи 700-800 сўмга (6,5-7,5 цент) ёки 1,5 баробар арзон бўлишига олиб келинмоқда.
Мамлакатимизда сабзини қайта ишловчи 300 минг тонна қувватга эга 55 та корхона фаолият юритади. Улар томонидан сабзи асосан қуритилган, шок ҳолда музлатиш шаклида қайта ишланади. Қайта ишлашга хомашё сифатида асосан сабзининг кечки навлари олинади. Сабаби, кечки сабзида қуруқ қолдиқ миқдори юқори бўлиб, маҳсулотни ишлаб чиқаришдаги сарф-харажатларни камайтиради.
Қиш-баҳор мавсумида аҳоли истеъмолини таъминлаш мақсадида 400 минг тоннадан зиёд сабзи маҳсулоти заҳира қилинади. 2021 йилда жами 2 миллион 300 минг тонна, шундан фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 1 миллион 450 минг тонна ҳамда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида 850 минг тонна сабзи етиштирилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказилган апробация натижалари бўйича эрта баҳор ойлари, яъни феврал-март ойларида экилган сабзи жорий йилнинг 28-30 июнидан бошлаб ёппасига даладан йиғиштириб олиниши бошланади. Бу эса ўз навбатида, бозорларимизда сабзининг ўртача нархи 1,5-2 минг сўмгача пасайишига олиб келади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА мухбири