C5+1: Энг муҳим натижа
Самарқандда АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати ташқи ишлар вазирлари иштирокида бўлиб ўтган C5+1 форматидаги учрашув якуни бўйича томонлар "C5+1: Тарихий шериклик, фаровон келажак” номли қўшма баёнот қабул қилди.
Анжуманнинг асосий натижаси:
– Савдо ва инвестиция: минтақалар аро савдо кўламини кенгайтириш, божхона тартибини мувофиқлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш белгиланди.
– Транспорт: Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш ва инфратузилмага сармоя киритиш қўллаб-қувватланди.
– Муҳим минераллар: ресурсни қидириш, ўзлаштириш ва чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик устувор йўналиш сифатида қайд этилди.
– Энергетика ва технология: энергетика хавфсизлиги, рақамли инфратузилма ва илғор технология соҳаларида алоқани кучайтириш белгиланди.
– Хавфсизлик: терроризм, трансмиллий жиноятчилик ва кибер хавфга қарши шерикликни ривожлантириш, ядровий хавфсизлик ва атом энергиясидан тинч мақсадда фойдаланиш масалалари қамраб олинди.
– Таълим ва гуманитар алоқа: инглиз тили таълими, маданий алмашинув ва халқлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратилди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон ва АҚШ иқтисодий ҳамкорлиги бўйича ҳам муҳим натижаларга эришилди. Ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилишида умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларга тенг 54 келишув ва истиқболли ташаббус шакллантирилди. Бу кўрсаткич C5+1 формати доирасидаги кўп томонлама келишуви эмас, балки томонларнинг иқтисодий ҳамкорлиги самарасидир.
Мусулмон Зиё, ЎзА