Бюрократиядан холи меҳнат муносабатлари: кичик бизнес ва ходим кафолати
Замонавий бозор иқтисодиёти, меҳнат бозорининг шиддат билан ўзгариши ҳамда рақамли технологияларнинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига чуқур кириб келиши меҳнат қонунчилигини давр талабларига мослаштиришни тақозо этмоқда. Бугунги кунда миллий ва халқаро экспертлар ҳамжамиятида асосий муҳокама мавзуси – ходимнинг ижтимоий ва ҳуқуқий кафолатларини тўлиқ таъминлаш билан бир қаторда, тадбиркорлик субъектлари учун иқтисодий мослашувчанликни яратиш, ортиқча бюрократия ва маъмурий ғовларни бартараф этишдан иборатдир.
Тасаввур қилинг, 15 нафар ходим меҳнат қилаётган кичик корхонада иқтисодий сабабларга кўра буюртмалар ҳажми кескин камайди. Агар корхона раҳбари ўз вақтида харажатларни оптимизация қилмаса, бир-икки ой ичида бутун бизнес фаолиятини тўхтатиши, оқибатда барча ходимлар ишсиз қолиши мумкин. Шу сабабли айрим иш ўринларини қисқартириш бўйича қонуний қарор қабул қилинади, тегишли компенсация тўловлари назарда тутилади. Аммо мазкур қарорни амалиётга татбиқ этиш учун иш берувчи мураккаб, кўп босқичли ва узоқ вақт талаб қиладиган маъмурий жараёнларни бошдан кечиришига тўғри келади.
Масаланинг энг муҳим моҳияти ҳам айнан шу нуқтада намоён бўлади: ходимни асоссиз ишдан бўшатишдан ҳимоя қилувчи ҳуқуқий кафолатларни сақлаб қолган ҳолда, иш берувчига қонуний қарорни ортиқча бюрократик тўсиқларсиз ва аниқ тартиб асосида амалга ошириш имкониятини бериш мумкинми?
Чунки иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш шунчаки оддий маъмурий буйруққа имзо чекиш эмас. Бу қарор ортида доимий даромад манбаидан айрилаётган инсон, унинг оиласи ва эртанги кунга бўлган ишончи туради. Шу боис, меҳнат қонунчилигида ходимнинг ижтимоий ҳимояси ва асоссиз бўшатишдан сақловчи кафолатлар бўлиши мутлоқ заруратдир.
Шу билан бирга, жараённинг иккинчи томонини ҳам атрофлича таҳлил қилиш лозим. Айниқса, кичик бизнесда ходим билан меҳнат муносабатларини тугатиш тадбиркор учун маънавий, молиявий ва ташкилий жиҳатдан мураккаб қарор ҳисобланади. Баъзан тадбиркорга бозорда бошқа йўл қолмайди. Бозордаги талабнинг ўзгариши, янги технологияларнинг жорий этилиши натижасида айрим вазифаларнинг автоматлашуви – масалан, илгари уч нафар мутахассис томонидан бажарилган ҳисоб-китоб ёки қайта ишлаш ишларининг битта дастурий таъминот орқали амалга оширилиши – муайян штат бирликларига эҳтиёж қолдирмайди.
Бундай вазиятда иш берувчи мураккаб танлов олдида қолади: айрим иш ўринларини қисқартириб, корхона ва асосий жамоани сақлаб қолиш ёки иқтисодий муаммони ортга суриб, охир-оқибат бутун жамоанинг иш ўрнини хавф остига қўйиш.
Амалиётда эса қонунчиликдаги кўплаб формал ва такрорий маъмурий талаблар меҳнат муносабатларининг асл моҳиятидан устун келиб қолиши кузатилмоқда. Бу ҳолат тадбиркор учун қўшимча вақт ва молиявий харажатларни юзага келтиради, ҳуқуқий хавфларни ва меҳнат низоларини кўпайтиради. Йирик компанияларда алоҳида кадрлар ва ҳуқуқшунослик бўлимлари мавжуд бўлиб, мураккаб процедураларни бехато юритиш имкони юқори. Бироқ 10–20 киши ишлайдиган кичик корхонада бу вазифалар раҳбар ёки бухгалтер зиммасига тушади. Оқибатда, ягона ортиқча ҳужжат ёки шаклий талаб ҳам кичик бизнес учун жуда катта маъмурий юкламага айланади.
Бундан ташқари, мамлакатда меҳнат бозорининг жозибадорлигини ошириш ва норасмий бандликни камайтириш ҳам бевосита ушбу масалага боғлиқ. Бугунги кунда Ўзбекистонда банд аҳолининг 8,6 миллион нафари расмий секторда, 4,9 миллион нафари эса норасмий секторда фаолият юритмоқда. Давлатнинг вазифаси фақат мавжуд расмий ходимларни ҳимоя қилиш билан чекланмай, балки бизнесни янги ва расмий иш ўринларини яратишга рағбатлантиришдан иборат. Агар ходимни расмий ишга қабул қилиш тадбиркор учун келажакда юқори маъмурий ва ҳуқуқий таваккалчилик деган тасаввурни пайдо қилса, бу норасмий бандликнинг сақланиб қолишига сабаб бўлади.
Халқаро тажрибага назар ташланса, глобал миқёсда бу борада ягона ёндашув мавжуд эмас. Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) 158-сонли Конвенцияси ходимни асоссиз ишдан бўшатишдан ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлиб, унда шартномани бекор қилиш учун ходимнинг қобилияти, хулқ-атвори ёки корхонанинг операцион эҳтиёжлари асос бўлиши белгиланган. Яъни, мазкур халқаро стандартнинг ўзи ҳам корхонанинг реал иқтисодий ва ташкилий заруратларини тан олади. Мазкур Конвенцияни 37 та давлат ратификация қилган бўлса, АҚШ уни ратификация қилмаган, Бразилия эса ратификациядан сўнг денонсация қилган. Бу мисоллар ҳар бир мамлакат ўз меҳнат бозори ва иқтисодий моделидан келиб чиқиб мослашувчан қоидаларни танлашини кўрсатади.
Шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ҳамда Жаҳон банкининг "B-READY" методологиясида ҳам меҳнат қонунчилигининг сифати фақат ходимни ишдан бўшатиш қанчалик мураккаблиги билан эмас, балки меҳнат қоидаларининг бизнес учун амалдаги харажати, ишга олиш ва бўшатиш жараёнларининг тезкорлиги ҳамда низоларни ҳал этиш самарадорлиги билан баҳоланади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришда масалани “ходимдан тадбиркорни” ёки “тадбиркордан ходимни” ҳимоя қилиш тарзида қўйиш нотўғри. Энг оқилона ва зарур ёндашув – иккала томон учун ҳам шаффоф, адолатли ва самарали ишлайдиган ягона қоидаларни мустаҳкамлашдир.
Бунинг учун, биринчидан, меҳнат шартномасини бекор қилишда ходимнинг асосий ҳуқуқий кафолатларини (қонуний асос, хабардор қилиш, компенсация ва суд орқали ҳимояланиш) қатъий сақлаган ҳолда, ортиқча ва такрорий маъмурий жараёнларни бекор қилиш лозим. Иккинчидан, хусусий сектор ва кичик бизнес учун меҳнат муносабатларини ҳужжатлаштириш тартибларини енгиллаштириш орқали расмий бандликни оширишга эришиш зарур. Зеро, ҳақиқий мукаммал меҳнат қонунчилиги қоғозбозлик ва бюрократияни эмас, балки инсоннинг асл ҳуқуқларини самарали ҳимоя қиладиган ҳамда мамлакатда янги иш ўринлари яратилишига кенг йўл очадиган мувозанатли тизимдир.
Саидбурхон Амиров,
Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш
таъсирини баҳолаш институти етакчи маслаҳатчиси