Буюк маърифатпарвар адиб
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан буюк маърифатпарвар адиб, жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига
Адабиётшунос олимлар, ёзувчи-шоирлар, ёш ижодкорлар иштирокидаги тадбирда маърифатпарвар ижодкор Беҳбудий ҳаёти ва ижоди ҳақида гап борди. Унинг илмий фаолияти алоҳида эътироф этилди. Бадиий асарларидан намуналар келтирилди.
– Беҳбудий дунёсига сайр этиш маърифат булоғидан баҳра олиш билан баробар, – дейди филология фанлари доктори Нурбой Жабборов. – У оддий инсон бўлмаган, у бутун умрини маърифатга бахшида этган мукаммал шахс бўлган. Одамларни ўз ҳаққини талаб қилишга ундаган, илм орқали кўп нарсага эришиш мумкинлигини исбот этган. Жамиятда вақтли матбуотларнинг мунтазам чиқиши, тақиқлардан холи бўлишини хоҳлаган ва бунинг учун курашган.
Буюк маърифатпарвар аллома, ёзувчи, драматург ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий 1874 йилнинг 19 январида Самарқанд шаҳрида муфтий оиласида дунёга келди.
Қрим-татар алломаси Исмоил Ғаспирали (Гаспринский) ва у бош муҳаррирлигидаги “Таржимон” газетаси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг буюк маърифатчи ва ўзбек жадидчилик ҳаракати раҳбарларидан бири бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этди.
1912-1913 йилларда Беҳбудий Самарқандда “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналига асос солади. 1914 йилда яна Туркия, Мисрга бориб, у ердан муҳим китоблар, ўқув қўлланмаларини олиб келади, янги усулдаги мактаб дастури устида ишлашга киришади. Бироқ у турли хил тўсиқларга учрайди; “жадидлар раҳнамоси”, “даҳрий” деган таҳдидлар билан фаолиятига чек қўймоқчи бўлишади.
Шунга қарамай, у собит ирода билан маориф, таълим-тарбия ишларини амалга оширишга киришади; маърифатпарвар сифатида халқ ҳурматига сазовор бўлади. У бир нечта Шарқ ва Ғарб тилларини билган юксак маданият соҳиби бўлиши баробарида умуминсоний қадриятларнинг толмас тарғиботчиси ҳам эди.
Беҳбудий ўзбек ва форс-тожик тилларида ўнлаб асарлар, икки юздан ортиқ мақола яратган. Жумладан, “Мунтахаби жуғрофияи умумий” (“Қисқача умумий жуғрофия”, 1903), “Китоб-ул-атфол” (“Болалар учун китоб”, 1904), “Мухтасари тарихи ислом” (“Исломнинг қисқача тарихи”, 1904), “Амалиёти ислом” (1905), “Руссиянинг қисқача жуғрофияси” (1908) каби дарсликлар ва китоблар ёзган.
Мактаб ва маориф равнақига, миллий маданият тараққиётига оид қарашлари эса ана шу илғор ғоялар марказида бўлди. Айни чоғда у янги усулдаги мактаблар асосчиси ва тарғиботчиси, янги дарсликларнинг илк муаллифи ҳам эди. У буюк маърифатпарвар ва етакчи жадидчи сифатида миллий маданиятимиз тарихида мустаҳкам ўрин эгаллайди.
Беҳбудий драматург сифатида “Падаркуш ёки ўқимаган боланинг ҳоли” драмасини яратган. Бу асарида у саводсизлик, жоҳилликнинг аянчли оқибатларини кўрсатиб, ёшларни илмли, маданиятли бўлишга чақиради. Пьеса 1911 йилда ёзилиб, 1912 йилда “Турон” газетасида босилади. 1913 йилга келиб Самарқандда китоб ҳолида чоп этилган “Падаркуш” катта қийинчилик ва қаршиликларга учраб, ниҳоят 1914 йилнинг 15 январида Самарқандда саҳна юзини кўради. 27 февралда эса Тошкентда, Абдулла Авлоний асос солган «Турон» театр труппаси томонидан намойиш этилади.
Ва ушбу сана, яъни 1914 йилнинг 27 феврали ўзбек миллий театрига асос солинган кун сифатида тарихга кирди. Беҳбудийнинг мазкур саҳна асари биринчидан, миллатни маърифат ва тараққиёт сари ундашда буюк рол ўйнаган бўлса, иккинчидан, профессионал ўзбек театри ва драматургиясининг майдонга келиши ҳамда тараққиётида муҳим асос бўлиб хизмат қилди. Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” драмаси, Мирмуҳсин-Фикрийнинг “Бефарзанд Очилдибой”, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Янги саодат” каби қиссаларининг яратилишига туртки берди.
Албатта, Беҳбудийнинг халқ ўртасида ортиб бораётган обрў-эътибори нафақат амирликнинг, балки большевикларнинг ҳам режа ва ниятларига зид эди. 1919 йилда хориж сафарига чиққан Беҳбудий Қаршида ушланиб, Бухоро амири Саид Олимхон буйруғи билан қатл қилинади.
Садриддин Айний алломанинг фожиали вафоти муносабати билан бундай ёзган: “Жафокаш шоир Беҳбудийнинг номини мусулмон Шарқи ҳурмат билан тилга олади, чунки у 20 йил мобайнида ўзининг онги ва инсоний қадру қимматини билган барча мавжудотни эркин ҳаёт, нур ва маърифат учун курашга чорлаб келди”.
Албатта, Беҳбудийнинг халқ ўртасида ортиб бораётган обрў-эътибори нафақат амирликнинг, балки большевикларнинг ҳам режа ва ниятларига зид эди. 1919 йилда хориж сафарига чиққан Беҳбудий Қаршида ушланиб, Бухоро амири Саид Олимхон буйруғи билан қатл қилинади.
Садриддин Айний алломанинг фожиали вафоти муносабати билан бундай ёзган: “Жафокаш шоир Беҳбудийнинг номини мусулмон Шарқи ҳурмат билан тилга олади, чунки у 20 йил мобайнида ўзининг онги ва инсоний қадру қимматини билган барча мавжудотни эркин ҳаёт, нур ва маърифат учун курашга чорлаб келди”.

1977 йили алломанинг асарларидан сараланган “Сайланма”си чоп этилди, асарлари дарслик ва қўлланмаларга киритилди, бир қатор мактаб, кўча ва маҳаллалар унинг номига қўйилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайкали пойида ўтказилган тадбирда йиғилганларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Сўз чамани” рукни остида чоп этилган китоблар тарқатилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайкали пойида ўтказилган тадбирда йиғилганларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Сўз чамани” рукни остида чоп этилган китоблар тарқатилди.