Буюк Бобурни ёд этиб...
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган “Буюк Бобурни ёд этиб” деб номланган адабий-бадиий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда институт профессор-ўқитувчилари, бобуршунос олимлар, ёзувчилар, талаба ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган институт проректори Абдусалом Мақсуталиев, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари, ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг жорий йил 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” ги қарори мазмун-моҳияти, белгиланган вазифалар, буюк бобокалонимиз илмий-ижодий меросининг баркамол авлодни тарбиялашдаги ўрни ва роли, талабаларнинг китобхонлик маданиятини ошириш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
[gallery-10584]
Юзунг, эй сарв, жоним гулшанининг тоза гулзори,
Қадинг, эй гул, ҳаётим боғининг сарви равонидур.
Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, андижонидур.
Иқтидорли, ижодкор талаба ёшлар томонидан Бобурнинг юқоридаги каби гўзал ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди, Бобур ҳаёти, ижодига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди, қўшиқлар куйланди.
Талаба ёшларнинг фаол иштироки билан ўтган тадбир адабиёт, шеърият байрамига айланди. Тадбирда фаол қатнашган бир гуруҳ талабалар институт ректоратининг ташаккурномаси билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото),
ЎзА