Бухорои шарифда дурдона асар тақдимоти
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг халқаро марказ олимлари таржима қилиб нашр эттирган 30-жузи тақдимоти ўтказилди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги, Мир Араб Олий мадрасаси, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти, Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакиллиги билан ҳамкорликда ўтказилган тақдимотда марказ ходимлари, нуфузли уламолар, диний йўналишдаги таълим муассасалари талаба ёшлари ҳамда мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов йиғилганларга Марказ томонидан амалга оширилаётган нашр ва таржима ишлари хусусида қисқача маълумот берди.
– Юксак илмий қийматга эга мазкур асарни таржима қилиш жараёнида Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг қарашларини имкон қадар енгил, тушуниш осон бўлган услубда халқимизга етказишга эътибор қаратилди – деди Ш.Зиёдов. –Қуръони карим оятларининг таржимасини келтиришда Шайх Абдулазиз Мансур қаламига мансуб “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” асаридан кенг фойдаланилди.
Тақдимотда сўзга чиққанлар буюк аждодларимизнинг ислом илмлари соҳасидаги илмий мероси айни кунгача дунё мусулмонлари ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб келаётганини, хусусан, юртимиздан чиққан фақиҳ ва калом илми алломаларининг ислом ҳуқуқшунослиги, тафсир ва ақида илми борасида тўплаган илмий-амалий тажрибаси юртимизда Қуръон ва фиқҳ илмлари ривожига муносиб ҳисса қўшганини эътироф этдилар. Бу борада қатор шарафли номлар билан эъзозланган Имом Мотуридий илмий мероси алоҳида эътиборга молик. Унинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари – мотуридийлик таълимоти асосидир.
Марказ ахборот хизматининг маълум қилишича, бу каби тақдимот тадбирлари республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА