Бухорода йўл инфратузилмаси янгиланмоқда: янги лойиҳалар ва амалий натижалар
Бухоро вилоятида автомобиль йўллари ва кўприкларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ишлар ҳудуднинг транспорт инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитини яратиш, шунингдек, вилоятнинг туристик салоҳиятини оширишга қаратилган.
Пойтахтимизда ташкил этилган брифингда Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева тақдим этган маълумотларга кўра, Бухоро шаҳри ва тумани ҳудудида амалга оширилаётган йўл қурилиши лойиҳасининг дастлабки қиймати 780 миллиард сўмни ташкил этади. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 сентябрдаги тегишли қарори асосида амалга оширилмоқда. Унга кўра, қуриладиган автомобиль йўлининг 5 километри Бухоро шаҳри, 19,1 километри эса Бухоро тумани ҳудудидан ўтади.
Шунингдек, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида А380 «Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу» автомобиль йўлининг 150–228-километрлари оралиғидаги 78 километрлик қисмини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 июлдаги қарори асосида амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида Қоровулбозор туманида 35 километр, Бухоро туманида 10 километр, Когон туманида 14 километр, Когон шаҳрида 7 километр ва Бухоро шаҳрида 12 километр автомобиль йўлини реконструкция қилиш белгиланган. Шунингдек, 11 та кўприк, 5 та қайрилиб олиш жойи ва 9 та ерости пиёдалар ўтиш йўлагини қуриш ишлари бажарилмоқда.
Вилоятнинг туристик салоҳиятини янада ошириш мақсадида Янги Бухоро халқаро аэропортига олиб борувчи автомобиль йўлини қуриш лойиҳасига ҳам старт берилган. Янги йўл сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун аэропортга бориш-келиш имкониятларини яхшилаш, транспорт қатновини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, вилоятда бир нечта муҳим транспорт инфратузилмаси объектларини реконструкция қилиш режалаштирилган. Жумладан, янги аэропортга олиб борувчи муқобил автомобиль йўлини қуриш, А380 автомобиль йўлининг 208-километридаги темир йўл устидан ўтган йўл ўтказгични реконструкция қилиш, шунингдек, 80В051 ва 80В026 автомобиль йўлларидан Д067 автомобиль йўлининг 3,3 километрида жойлашган кўприкни таъмирлаш ишлари назарда тутилган. Ушбу тўртта объектдан бирида жорий йил учун ажратилган маблағлар тўлиқ ўзлаштирилган. Қолган учта объектда қурилиш ишлари якунланиб, уларни фойдаланишга топшириш бўйича далолатномалар расмийлаштирилмоқда.
Аҳоли учун қулай шаҳарсозлик ва транспорт муҳитини яратиш мақсадида маҳаллаларда ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Ғиждувон туманидаги «Қўрғон» МФЙнинг Хўжаланган Ато чорраҳасидан «Ф. Хўжаев» МФЙ чорраҳасигача бўлган 1,7 километр кўчасини 24 соат давомида фаолият юритадиган кўчага айлантириш режалаштирилган. Бунинг учун 2 миллиард 921 миллион сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағлар кўчани асфальтлаш, сув оқизиш лотокларини ўрнатиш, пиёдалар йўлакларини қуриш, ўриндиқлар ва чиқинди қутиларини жойлаштириш ишларига йўналтирилади.
Шунингдек, 2026 йилда «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла» мақоми бериладиган ҳудудларда ҳам йўл инфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ромитан туманидаги «Қалайчорбоғ» МФЙнинг Қалайчорбоғ кўчаси ва «Навбаҳор» МФЙ ҳудудидаги Тинчлик кўчасида таъмирлаш ишлари бажарилган. Бу мақсадлар учун 6,5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 3,2 километр автомобиль йўли асфальтлаштирилган.
Вилоятда табиий офатлар оқибатида етказилган зарарни бартараф этиш ҳамда транспорт ҳаракати узлуксизлигини таъминлаш бўйича ҳам ишлар амалга оширилди. Махсус дастур асосида жами 7 та объект, жумладан, 2 та кўприк иншооти ва 5 та автомобиль йўлини тиклаш ҳамда таъмирлаш белгиланган. Бу ишлар учун 24 миллиард 813 миллион сўм маблағ ажратилган. Ҳозирги кунга қадар дастурда белгиланган қурилиш ва таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган. Натижада йўл ва кўприкларнинг техник ҳолати тикланиб, транспорт воситаларининг узлуксиз ҳаракатланиши учун шароит яратилган.
Айни пайтда куз-қиш мавсумида автомобиль йўлларида хавфсиз ва узлуксиз ҳаракатланишни таъминлаш чоралари ҳам кўрилмоқда. Вилоятдаги жами 4 минг 4 километр автомобиль йўли, 766 та кўприк ва сунъий иншоотни қишки мавсумга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунда йўлларни сақлаш, жорий таъмирлаш, қопламаларда аниқланган нуқсонларни бартараф этиш ҳамда қор ва ёғингарчилик пайтида транспорт ҳаракатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур мақсадлар учун 276 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Йўл инфратузилмасини яхшилашда аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган «Ташаббусли бюджет» дастури ҳам муҳим ўрин тутмоқда. 2026 йилги биринчи мавсум доирасида Бухоро вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси тизимидаги ташкилотлар тендер савдоларида 14 та объект бўйича ғолиб деб топилган. Натижада 14 та маҳалла ҳудудидаги 39,4 километр йўл асфальтлаштирилиб, бир дона кўприк таъмирланган. Барча объектлардаги ишлар тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилган.
Умуман, вилоятда амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар автомобиль йўллари сифатини яхшилаш, аҳоли ва меҳмонлар учун қулай транспорт шароитини яратиш, ҳудудларнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, Янги Бухоро халқаро аэропортига олиб борувчи йўллар қурилиши ва мавжуд магистралларни реконструкция қилиш вилоятнинг иқтисодий ҳамда туристик имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА