Бухорода кузги сайрлар мавсуми бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Кузнинг илк ойи Бухоронинг қадимий кўчаларига янада файз бағишлади. Ёзнинг жазирама тафти чекиниб, тарихий шаҳар бўйлаб сайр қилиш учун қулай мавсум бошланди.
Бухоро қадимий меъморий обидалари, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва бетакрор шаҳар муҳити билан сайёҳларни доимо ўзига жалб этиб келади. Шаҳарнинг тарихий маркази ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлиб, унинг кўҳна кўчалари, мадраса ва масжидлари, савдо гумбазлари ҳамда тарихий майдонлари бой ўтмишидан сўзлайди.
[gallery-31259]
Айни кунларда тарихий марказда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ҳаракати янада жонланган. Меҳмонлар Арк қалъаси, Пои Калон ва Лаби Ҳовуз ансамбллари, Чор Минор, қадимий савдо гумбазлари каби диққатга сазовор масканларни томоша қилмоқда.
Кундузги экскурсиялар кечки сайрлар, миллий ҳунармандчилик масканларига ташрифлар билан давом этмоқда. Сентябрнинг мусаффо оқшомларида тарихий обидаларнинг ёритилиши ва сокин кўчалар Бухоронинг қадимий қиёфасига янада жозиба бағишлайди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА