Бухорода Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали
Жорий йилнинг 15–17 май кунлари Бухоро шаҳрида III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ўтказилади. Фестиваль доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, ушбу нуфузли халқаро тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 апрелдаги қарорига мувофиқ ташкил этилаётган бўлиб, халқ амалий санъати, хусусан, зардўзлик ва заргарлик соҳасини ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш ва кенг тарғиб этиш, шунингдек, халқаро маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фестивалнинг асосий мақсади халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, кўп асрлик ҳунармандчилик мактабларини асраб-авайлаш ва уларни замонавий шароитларда ривожлантириш, шунингдек, Бухоронинг туризм салоҳиятини янада оширишдан иборатдир.
Қадимий Бухоро азалдан Марказий Осиёнинг йирик маданий ва ҳунармандчилик марказларидан бири сифатида тан олинган. Бу ерда ипак гиламчилик, кулолчилик, кандакорлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, қоғозгарлик, зардўзлик ва заргарлик каби халқ амалий санъат турлари юксак даражада ривожланган. 2022 йилда Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Бухоро шаҳрига “Бутунжаҳон ҳунармандчилик шаҳри” мақоми берилиши унинг халқаро нуфузини янада оширди.
Фестиваль тадбирлари Бухоро шаҳрининг тарихий-маданий обидалари бўлган Арк қўрғони, Лаби ҳовуз, Пойи Калон ва Нодир девонбеги мадрасаси каби масканларда ташкил этилади. Ушбу тадбирлар шаҳарнинг бой маданий мероси ва бетакрор тарихий муҳитини халқаро жамоатчиликка кенг намоён этади.
[gallery-29388]
Фестиваль доирасида зардўзлик ва заргарлик маҳсулотлари ҳамда бошқа миллий ҳунармандчилик намуналарининг кенг кўламли кўргазма-савдолари, халқ рақслари ва фольклор жамоалари чиқишлари, қўғирчоқ театрлари, концерт дастурлари, маҳорат дарслари ҳамда “Бухоро мода кунлари - 2026” доирасида либослар намойиши ташкил этилади.
Илмий дастур доирасида “Анъанавий заргарлик ва зардўзлик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда Ўзбекистон заргарлик ва зардўзлик санъатига бағишланган китоб тақдимоти бўлиб ўтади.
Фестиваль доирасида шунингдек “Бухоро занданачиси: тарихи, типологияси ва қайта тиклаш масалалари” мавзусида халқаро симпозиум ташкил этилиб, унда мазкур ноёб ҳунармандчилик анъанаси Марказий Осиё бадиий маданиятининг муҳим қисми сифатида комплекс ўрганилади. Симпозиумда ёзма ва археологик манбалар, технологик жараёнлар, орнаментал анъаналар, музей коллекциялари, реставрация ва рақамли визуаллаштириш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, Ўзбекистон халқ устаси, зардўз ҳунарманд Бахшилло Жумаевнинг “Заррин иплар мусиқаси” номли ижодий кўргазмаси ва фотокўргазмаси очилади.
Фестиваль доирасида маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар ўртасида 12 та номинация бўйича кўрик-танлов ўтказилади. Танлов иштирокчиларининг ижодий ишлари 7 нафардан иборат халқаро ҳайъат томонидан баҳоланади. Номинациялар қаторида “Энг яхши заргарлик ташкилоти”, “Энг яхши зардўзлик ташкилоти”, “Энг яхши заргар”, “Энг яхши зардўз”, “Энг яхши мактаб устаси”, “Қадимий сулола давомчиси”, “Қадимий анъаналарни қайта тиклаган усталар”, шунингдек “Энг ёш маҳоратли зардўз ва заргар” йўналишлари мавжуд.
Фестивалда Африка, Европа, Осиё, Шимолий Америка ва Тинч океани минтақаларидан 38 та давлатдан 120 нафардан ортиқ хорижий меҳмонлар, шу жумладан халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда. Шунингдек, 300 дан ортиқ маҳаллий ҳунармандлар ўз ижод намуналари билан фаол қатнашмоқда.
Ўзбекистонда ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида “Ҳунарманд” уюшмаси тизимида 26 мингдан ортиқ аъзо ва 119 мингдан зиёд шогирд фаолият юритмоқда. Жумладан, 982 нафар заргар ва 1 565 нафар шогирд, шунингдек, 150 нафар зардўз ва 538 нафар шогирд ушбу соҳанинг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Соҳанинг етакчи усталари Бахшилло Жумаев, Маҳфуза Салимова, Фасиҳиддин Дадамуҳамедов, Алишер Ҳайдаров ва Тоҳир Муҳамедов каби ҳунармандлар миллий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш, ривожлантириш ва авлоддан авлодга етказиш йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда.
Фестиваль якунида “Арк” қўрғонида тантанали тақдирлаш маросими ҳамда гала-концерт бўлиб ўтади, танлов ғолиблари махсус дипломлар ва пул мукофотлари билан тақдирланади.
Ушбу халқаро фестиваль Ўзбекистоннинг бой маданий меросини дунё миқёсида кенг тарғиб этиш, халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш ва туризм салоҳиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари