Бухорода чўл ерлари ўзлаштирилмоқда
Бухоро вилоятида фойдаланишдан чиққан 77,8 минг гектар ва чўл ерларини фойдаланишга киритиш бўйича ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.
Бу борада Бухоро чўл ерларини ўзлаштириш илмий-амалий маркази ташкил қилиш бўйича ишлар ўтган йил дастлабки ойларидан бошланган. Бунинг учун айни пайтда ер ишларининг манзилли дастури ҳамда ер ўзлаштириш тадбирлари бозор тамойиллари асосида, хусусий секторни жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Бунинг учун зарур бўлган 300 миллард сўм маблағни республика бюджетидан Сув хўжалиги вазирлиги тизимига ажратиладиган маблағнинг электр энергияси харажатларини тежалган қисми ҳисобидан молиялаштириш талаби қўйилган.
2021 йилда вилоятда 26 минг 520 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни, шу жумладан, 17 минг 440 гектар майдонда томчилатиб суғоришнинг замонавий технологиясини жорий қилиш саъй-ҳаракати бошланган. Ҳудудда ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш ҳисобидан 1,5 миллиард куб метр ҳажмдаги “оби ҳаёт”ни тежаш ва вилоятда замонавий томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилишни тезлаштириш учун 21 йилга мўлжалланган субсидия маблағларининг 50 фоизини олдиндан ажратиш мақсадга мувофиқдир.

Вилоят ҳокимлиги томонидан республика Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Боғдорчилик ва ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Алькоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2021-2022 йилларда сув тежовчи технологияларни кенг қўллаган ҳолда 5 минг гектар ерда интенсив боғ ва 4,7 минг гектар ер майдонида узумзор боғ барпо этиш талаби қўйилган.
Асосан чўл массивларига туташ ҳудудларда бу каби агротехник тадбирлар кўлами янада кенгаймоқда. Мавжуд имконият, билим, куч ҳамда воситалар ишга солинмоқда. Масалан, айни кунда бу борада вилоят миқёсида жами 51 минг гектар ер майдони ўзлаштирилаётган бўлса, бу агротехник жараён 61 та лойиҳани ўз ичига олгани билан аҳамиятли.
Зариф Комилов, ЎзА