Бухоро ва Қашқадарёда коррупцион ҳолатлар фош этилди
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, ер ресурсларининг ноқонуний талон-торож қилинишининг олдини олиш ҳамда мансабдор шахслар томонидан хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатларига чек қўйиш борасида тезкор-қидирув тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирларда ер майдонларини расмийлаштириб бериш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар фош этилди.
Жумладан, Давлат кадастрлари палатасининг Бухоро вилояти бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб, маҳаллий фуқаронинг ишончига кирган. У Ромитан тумани ҳокимлиги захирасидаги 65 квадрат метр ер майдонида 2015 йилда ўзбошимчалик билан қурилган савдо ва хизмат кўрсатиш биносини ҳамда унга туташ бўлган 35 квадрат метр бўш ер участкасини фуқаро номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Қонунбузар ушбу «хизмати» эвазига 2,5 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолат Қашқадарё вилоятида қайд этилди. Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг Кўкдала тумани бўлими бош мутахассиси 1964 йилда туғилган фуқарога 2019 йилда Чироқчи тумани ҳокими қарори билан ажратилган 1 сотих ер майдонини Кадастрлар палатасида ишловчи танишлари орқали ҳужжатлаштириб, рўйхатдан ўтказиб беришни айтган. У ушбу ҳаракати эвазига 1 минг АҚШ доллари талаб қилиб, сўралган пул маблағини олган вақтида тезкор ходимлар томонидан қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА