Бухоро – Тюмень: ҳамкорликнинг янги уфқлари
Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги бош консуллиги томонидан жорий йилнинг октябрь ойида Тюмень давлат университетига қилинган ташриф доирасида университетга 5 томли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”совға қилинган ҳамда ўзбек тили ва адабиёти бўйича тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида “Ўзбекистон бурчаги”ни ташкил қилиш ғояси муҳокама қилинган эди.
Ўша пайтда Тюмень давлат университети вакиллари Ўзбекистонда олий таълим соҳасидаги жадал ўзгаришлардан хабардор эканликларини, мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири сифатида Бухоро давлат университети билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчи эканликларини маълум қилган эди.

Тюмень давлат университети Россия ОТМларининг жаҳон таълим муҳитидаги рақобатдардошлигини ошириш ҳамда яқин йилларда 5 та ОТМнинг жаҳон рейтингларида юқори 100 таликка киришига қаратилган “5-100” дастури аъзоси эканлиги унда юқори таълим сифатига эришилганидан далолат беради.
Бош консуллик ташаббуси билан бошланган амалий ишлар ўз натижасини бериб, куни кеча иккала олий таълим муассаси раҳбариятининг онлайн учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу йилда ташкил топганининг 90 йиллигини нишонлаган тенгдош университетлар ҳамкорликнинг устивор йўналишлари бўйича келишиб олишди. Яқин кунлар ичида ҳамкорлик меморандумини имзолаш жараёни ўтказилиб, у ўз навбатида Тюмень давлат университетида “Ўзбекистон бурчаги”нинг очилиши тадбирига ҳам уланиб кетади. Университет кутубхонасида ташкил қилинадиган бурчак ўзбек тили, мамлакатимиз тарихи, маданияти, туризм ва иқтисодий имкониятлари ҳақида маълумотлар, шунингдек ўзбек адабиётининг нодир намуналари билан тўлдирилади. Ушбу ташаббус ҳудуддаги ўзбек диаспораси учун ҳам, илмий тадқиқотчилар учун ҳам катта совға бўлади.
Тюменлик олимлар ҳамкорлик қилиш учун Бухоро давлат университети бежизга танланмаганлигини, Тюмень ҳудудини бугунги Ўзбекистон, хусусан Бухоро билан бир неча юз йиллик савдо, маданий ва таълим алоқалари боғлаб туришини таъкидлаб ўтишди. Бу ерларга 15-асрдан бошлаб бухоролик тадбиркорлар, олимлар, ҳунармандлар келиб жойлашишганини, улар яшаб ўтган жойлар ҳозирги кунда “Бухоро маҳалласи” (“Бухарская слобода”) деб номланиши, ТюмДУда бу соҳада бир қатор илмий изланишлар олиб борилганлиги маълум қилинди. Университетлар 2021 йилнинг бошида халқаро конференция ташкил қилиш ҳамда унда мана шу изланишларнинг натижалари бўйича маърузалар қилишга келишиб олишди.

Ҳамкорликнинг устивор йўналишлари қаторида бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиб турган рақамли иқтисодиёт, инновацион изланишлар, биотехнология, туризм масалалари ҳам қамраб олинди. Ёш иқтидорларнинг ўз ишланмаларини тенгдошларига намойиш қилиш, инновацион ечимлар бўйича фикр алмашиниш мақсадида ҳар иккала университетда фаолият кўрсатаётган бизнес-акселераторларнинг онлайн тақдимотларини ўтказиш режалаштирилди.
Аброр Жўраев, БухДУ проректори