Бухоро амирлари савдо билан ҳам шуғулланганми?
Ватанимиз тарихидаги 3 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1546 йил (бундан 479 йил олдин) – ҳижрий 952 йил зулҳижжа ойининг охирги куни (милодий 1546 йил 3 март)да тарихчи, давлат арбоби Мирзо Ҳайдар (1499–1551) Кашмирда ўзининг форс тилидаги “Тарихи Рашидий” асарини ёзиб тугатди. Икки дафтардан иборат бу китобда XIV – XVI асрларда Турон ҳудудида яшаган халқлар, ҳукмронлик қилган хонлар ва подшоҳлар хонадони тарихи, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаёти, шу жумладан давлатчилик тизими, халқаро муносабатлари, географик жойлашуви, этнографияси, этногенезига оид маълумотлар ўрин олган. Бу асар “Бобурнома” каби мемуар адабиётнинг ёрқин намунаси ҳисобланади.
“Тарихи Рашидий”да ўзидан олдин ва ўзи билан бир даврда Марказий Осиёда ўтган атоқли тарихчилар асарларидан фойдаланиб, ўзи кўрган-билган ва иштирок этган воқеалар ҳақида ёзилгани асарнинг кўп ўтмай Шарқ ва Ғарб тарихчи, шарқшунослари диққатини жалб эта олди. “Тарихи Рашидий” туркий таржимасининг тўлиқ ва тўлиқсиз кўчирилган жами ўнта қўлёзмаси бизгача етиб келган. Асар матнининг ўзбек тилидаги нусхаси сўзбоши ва изоҳлари билан 2010 йилда нашрга тайёрланиб, тарихнавис олимлар ва кенг қизиқувчилар оммасига ҳавола этилган.
1866 йил (бундан 159 йил олдин) – ўзбек дорбозлар сулоласи асосчиси, Ўзбекистон ва Россия халқ артисти, Меҳнат Қаҳрамони Тошканбой Эгамбердиев таваллуд топди (вафоти 1963 йил). У ўз фаолиятини 7 ёшидан бошлаб, отаси Эгамберди ҳожи билан халқ байрам ва сайилларида, шаҳар майдонларида дорбозлик ўйинларини намойиш этишдан бошлаган. Ўн тўққизинчи асрнинг 80-йилларидан бошлаб мустақил ишлаган, дорбозлик ва симбозлик санъатини мукаммал эгаллаган.
Тошканбой Эгамбердиев 1908 йил Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон саноат ва ҳунармандчилик кўргазмасида қатнашиб, “энг яхши дорбоз ва симбоз” деб топилган, олтин медаль ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланган. 1935 йилда Санкт-Петербург циркида унинг раҳбарлиги ва иштирокида “Дорбозлар” миллий дастури яратилиб, дор ўйинлари илк бор очиқ майдондан цирк гумбази остига кўчирилади.
Кекса дорбоз 1942 йилда ўзбек цирки жамоасини ташкил этди ва унга раҳбарлик қилди. 1947 йил 81 ёшида сўнгги марта дорга чиқди. У 1950–1956 йилларда Тошкент циркининг бадиий раҳбари бўлди.
1900 йил (бундан 125 йил олдин) – Бухоро амири Абдулаҳад амирлик амалдори Останақулни бир арава танга билан қоракўл тери сотиб олишга жўнатди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Бухоро амирлигидаги барча амалдорлар савдо билан шуғулланган. Тарихчи Эшболта Қобуловнинг ёзишича, ҳаттоки Бухоро амирининг ўзи ҳам биринчи рақамли савдогар саналган. У асосан қимматбаҳо маҳсулотларни нафақат мамлакат ички бозорида, балки ташқи бозорларда ҳам сотиш билан шуғулланган. Хусусан, қоракўл тери ва пахтани Россиянинг турли ҳудудларига жўнатиб, у ердан керакли маҳсулотларни Бухорога олиб келган. Ўзининг эҳтиёжи ва бериладиган шоҳона совғаларига кетадиган харажатларнинг катта қисмини савдодан келадиган даромад ҳисобидан қоплаган.
1925 йил (бундан 100 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати ҳузурида Бобон Мавлонбеков раислигида “Давлат аппаратини маҳаллийлаштириш Марказий комиссияси” тузилди. Акмал Икромов, Раҳим Иноғомов ва бошқалар унга аъзо бўлишди. Марказий комиссиянинг Самарқанд, Зарафшон, Тошкент, Фарғона ва бошқа вилоятларда ҳам бўлимлари ташкил қилинди.
1931 йил (бундан 94 йил олдин) – Ўрта Осиё иқтисодий кенгаши қарори билан “Ўрта Осиё ипаги” трести ташкил этилди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати ва Фанлар академиясининг ташаббуси билан Ўрта Осиё, Қозоғистон ва Озарбайжон Фанлар академияси Президентларининг учрашуви бўлди. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон Фанлар академияси Президентлари Фанлар академияларининг илмий ва илмий-техникавий ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномага имзо чекдилар.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси ва Венгрия Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди. Маълумот ўрнида қайд тиш жоизки, венгер ва ўзбек халклари ўртасидаги алоқалар бир неча асрлик тарихга эга. Бир қатор машҳур венгер сайёҳларининг Ўрта Осиёга қилган сафарини бу йўлдаги дастлабки одим дейиш мумкин. XIX асрда Туркистонга венгер сайёҳлари Армений Вамбери, Енё Зичи, ХХ бошида Дёрдь Алмаши келиб, сўнгра ўз саёҳатлари тўғрисида китоблар нашр қилдиришган.
2015 йил (бундан 10 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сурхондарё вилоятида спортнинг миллий кураш турини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади