Бутунжаҳон таэквондо федерацияси Бош Ассамблеяси яқори савияда ўтказилди
Тошкент шаҳрида Бутунжаҳон таэквондо федерациясининг (World Taekwondo) Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди.Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳманов иштирок этиб, таэквондо мамлакатимизда устувор спорт турларидан бири сифатида жадал ривожланаётганини таъкидлади.
Бош Ассамблеяда спортни бошқариш, қоидаларни такомиллаштириш ва халқаро мусобақаларни ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.

Йиғилиш давомида ташкилотнинг низоми, мусобақа қоидалари ва уларнинг талқини, ҳалоллик (этика) кодекси, интизомий чоралар ва апелляция тартибларига оид ҳужжатларга ўзгартишлар киритилиб, тасдиқланди. Мазкур янгиланишлар таэквондонинг нафақат спорт жиҳатидан, балки ҳуқуқий ва институционал асосларини ҳам мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Ушбу қарорлар ташкилот фаолиятида шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, низоларни ҳал этиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда интизомий назорат тизимини янада самарали қилишга хизмат қилади.

Хусусан, амалдаги интизомий кодексга мувофиқ, ташкилот қоидалар бузилишини текшириш, терговчилар тайинлаш ва зарур маълумотларни талаб қилиш ваколатига эга бўлиб, янги ўзгаришлар ушбу жараёнларни янада аниқ ва тизимли шаклга келтиради.
Тошкентдаги йиғилишлар доирасида 2025–2026 йиллар учун операцион ва молиявий ҳисоботлар ҳам тасдиқланди. Шу билан бирга, халқаро мусобақалар тақвимига оид қарорлар қабул қилиниб, 2027 йилги “Grand Prix Challenge” мусобақаларининг босқичлари Пуне ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилиши белгиланди. 2028 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати эса Лима шаҳрида ташкил этилади.
Мазкур тадбирларда Бутунжаҳон таэквондо федерацияси раҳбари Чунгвон Чой пойтахтимизда ўтадиган мусобақанинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уни таэквондо ривожида бурилиш нуқтаси сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, чемпионатнинг замонавий инфратузилма, халқаро стандартларга мос равишда ўтказилиши алоҳида эътиборга лойиқ.

Шунингдек, Бутунжаҳон таэквондо федерацияси техник директори Филипп Буэдо Хитойнинг Уси шаҳридаги Бош Ассамблеяда тасдиқланган ва илк бор Тошкентдаги чемпионатда қўлланилаётган янги қоидаларни эълон қилди.
Жумладан, айланма бош зарбаси учун бериладиган балл 5 дан 6 гача оширилди, бош қисмига берилган зарбалар бўйича видео такрорий сўровлар бекор қилинди. Бу эса беллашувларни янада шиддатли ва узлуксиз ўтказишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Қайд этиш жоиз, Тошкент мезбонлик қилаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати тарихдаги энг йирик мусобақалардан бирига айланмоқда. Унда 986 нафар спортчи, 115 та мамлакат вакиллари ҳамда 500 дан ортиқ расмий шахслар иштирок этаётир. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги нуфузи тобора ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Тошкентда бўлиб ўтган Бош Ассамблея таэквондонинг глобал ривожланиш йўлларини белгилаб бериб, бошқарув, ҳалоллик ва ҳуқуқий тартиб-қоидаларни янада такомиллаштиришда муҳим босқич бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА